Туркия Республикаси вакиллари билан учрашув ўтказилди

26.03.2021

Унда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Хусанов, вазирнинг биринчи ўринбосари Э.Мухитдинов ва Туркия Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси О.Бекар ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда 2018 йил 30 апрелда имзоланган “Туркия Республикаси Ҳукумати ва Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ўртасида меҳнат мигрантлари  ва уларнинг оила аъзоларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Битим”ни ратификация қилиш, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Туркия Республикаси Истанбул шаҳридаги ваколатхонасини очиш, Туркия Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан ишлаш учун рухсатнома расмийлаштириш жараёнини (муддатларини) соддалаштириш масалалари муҳокама қилинди.

 

Шунингдек, тадбир давомида фуқароларни иш билан таъминлаш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш ва Туркия Республикасининг касб-ҳунарга ўқитиш марказларининг филиалларини юртимизда очиш, меҳнат соҳасида илмий тадқиқотлар олиб бориш йўналишларида Туркия Республикаси тегишли ташкилотларининг тажрибасини ўрганиш ва Ўзбекистон Республикасида қўллаш хусусида ҳам сўз юритилди.