“Ўзбекистон Республикасида муносиб меҳнат бўйича Мамлакат дастурини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси натижалари муҳокамаси бўлиб ўтди
2021 йил 12 апрель куни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ташаббуси билан «Ўзбекистон Республикасининг «Муносиб меҳнат бўйича мамлакат дастури» ижросини қўллаб-қувватлаш» лойиҳасига бағишланган видеоконференцалоқа шаклида семинар бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси, одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси раиси Т.Нарбаева, ХМТ Бош директори ёрдамчиси, ХМТнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий бюроси директори Х.Коллер, АҚШнинг Ўзбекистондаги мухтор элчиси Д.Розенблум, Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Хусанов, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қ.Рафиқов, Ўзбекистон иш берувчилар Конфедерацияси раиси И.Хайдаров, Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича ХМТ ваколатхонаси ва муносиб меҳнат масалалари бўйича техник ёрдам гуруҳи директори О.Кулаева, Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Н.Якубов ва бошқалар иштирок этишди.
Учрашув аввалида, Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича ХМТ ваколатхонаси ва муносиб меҳнат масалалари бўйича техник ёрдам гуруҳи директори О.Кулаева йиғилиш иштирокчиларини яна кўриб турганлигидан мамнунлигини билдириб, кун тартибидаги масалалар билан йиғилиш иштирокчиларини таништирди. Сенат раиси Т.Нарбаева хизмат сафарида бўлганлиги сабабли, унинг олдиндан ёзиб олинган видеомурожаати иштирокчиларга намойиш этилди.
Ўз навбатида, мазкур видеомурожаатда Т.Нарбаева Ўзбекистон Республикасининг Муносиб меҳнат бўйича мамлакат дастури мамлакатда кескин ижобий ўзгаришларга олиб келганлигини, хусусан, ушбу лойиҳа мамлакатда болалар меҳнатидан фойдаланишнинг оғир шаклларига барҳам берганини таъкидлади. Шунингдек, ўз сўзида Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда 2013 йилдан бошлаб мамлакатимизда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида яқин ҳамкорликда қатор ишлар амалга ошириб келаётганлигини, ушбу йўналишдаги ишларни тизимли йўлга қўйишда Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича мамлакат дастурининг қабул қилиниши ва амалга оширилиши муҳим аҳамият касб этганлигини таъкидлади. Дастур доирасида мамлакатда фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига оид миллий қонунчиликни такомиллаштириш, халқаро меҳнат нормаларини амалиётга татбиқ этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилганлигига урғу берди.
ХМТ Бош директори ёрдамчиси Х.Коллер ўз маърузасида, Ўзбекистон шу кунга қадар Ҳалқаро меҳнат ташкилотининг 17 та конвенцияси, хусусан, барча 8 та асос солувчи конвенцияларини ратификация қилганлигига урғу берди. Шу билан бирга, биргина 2020 йилда меҳнат соҳасига оид Ўзбекистон миллий қонунчилигини янада такомиллаштириш, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай кўринишларига тўлиқ барҳам беришга қаратилган 16 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинганлиги мазкур дастур лойиҳаси самараси дея алоҳида таъкидлади.
Шундан сўнг, АҚШнинг Ўзбекистондаги мухтор элчиси Д.Розенблум сўз олиб, фуқароларнинг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш мақсадида доимий равишда мониторинг ишлари олиб борилаётгани, қолаверса бу борада парламент назорати йўлга қўйилганлигига, аҳоли орасида уларнинг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган сиёсатга юқори баҳо берди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Хусанов нутқ олиб, Ўзбекистонда ҳар бир вилоят учун зарур мутахассисларни тайёрлаш мақсадида президент Фармони билан касб-ҳунар таълими тизими қайта ташкил этилиб, мамлакатдаги барча касб-ҳунар таълими мактаблари Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига топширилганига урғу берди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан “Пуллик таътил тўғрисида”ги 132-сонли ва “Оналикни ҳимоя қилиш тўғрисидаги 1952-йилги Конвенцияни қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги”ги 183-сонли Конвенцияларни ратификация ишлари олиб борилаётганини маълум қилди. “Оналикни ҳимоя қилиш тўғрисидаги 1952-йилги Конвенсияни қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги”ги 183-сонли Конвенцияни ратификация қилиш масаласи кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилганлигини таъкидлади. ХМТнинг “Пуллик таътиллар тўғрисида”ги 132-сонли Конвенцияларини ратификация қилиш масаласи идоралараро мувофиқлаштириш босқичида эканлигини маълум қилди.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Н.Якубов ўз сўзида, пахта саноати соҳасида мажбурий меҳнатнинг олдини олиш мақсадида мавсумий ишчиларни пахта йиғим-теримига жалб этиш учун замонавий бозор механизмларидан фойдаланилганлигини, бу борада ХМТнинг техник ёрдами билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган 2020 йилда пахта терувчиларни ишга жойлаштириш бўйича вақтинчалик Низом ишлаб чиқилганлигини таъкидлади.
Қолаверса, меҳнат кодексининг янги лойиҳасини, “Бандлик тўғрисида”ги Қонун ва “Хусусий бандлик идоралари тўғрисида”ги Қонунлари ишлаб чиқилишида эксперт ва техник ёрдам кўрсатгани учун ХМТ аъзоларига ўз миннатдорчилигини билдирди. Шунингдек учрашувда мамлакатда ислоҳотлар шароитида лойиҳа ютуқлари ҳамда лойиҳа ҳамкорлиги, ҳамкорлик натижалари, янги амалиётларни янада ривожлантириш ва қўллаш салоҳияти мавзуларида А.Дубова, A.Хаузсен, А.Ханходжаев, Г.Александрия, В.Чурович ва бошқалар ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.
Давра суҳбатида “Ўзбекистон Республикасида муносиб меҳнат меҳнат бўйича 2014-2020 йилларга мўлжалланган Мамлакат дастури” доирасида амалга оширилган ишлар якунлари хулоса қилинди ҳамда истиқболдаги вазифалар белгилаб олинди.