Сурхандарё вилоятида хотин-қизлар муаммолари ўрганилмоқда

04.12.2020

Жорий йилнинг 8-октябр куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида “Жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари” муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижроси юзасидан Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида секторлар кесимида хонадонма-хонадон юриб хатлов ўтказиш ва “Аёллар дафтари”ни шакллантириш белгиланган эди.  “Аёллар” дафтарини шакллантириш бўйича Республика миқиёсида 28 та шаҳар-туманлар намуна тариқасида киритилган бўлса, шундан Сурхондарё вилояти Олтинсой тумани ҳамда Термиз шаҳрида “Аёллар” дафтарини тузиш вазифаси белгиланган.

Термиз шаҳрида мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида шаҳар штаби ҳамда шаҳардаги 37 та МФЙ кесимида ишчи гуруҳлар ташкил этилди. Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан туманда 31 ёшдан юқори ёшдаги аёллар билан суҳбат ўтказилиб, 23 964 нафар хотин-қизларнинг ижтимоий, ҳуқуқий ҳамда руҳий холатлари, уларнинг билим ва касб ўрганишга бўлган иштиёқлари бўйича ўрганиш ўтказилди. Натижада туман бўйича 2 132 нафар ишлаш истагини билдирган аёллар рўйхати тузилди.

“Аёллар” дафтарига киритилган хотин-қизлардаги мавжуд муаммоларни ижобий ҳал қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирилиги Бошқарма бошлиғи И.Аброров, Сурхондарё вилоят Бандлик бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари И.Холов, Термиз шаҳар хокими И.Худойбердиев, сектор раҳбарлари ҳамда тегишли корхона ва ташкилотлар раҳбарлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда И.Аброров сўзга чиқиб, “Аёллар” дафтарига киритилган 2 132 нафар аёллар орасида аниқланган муаммоларни ўрганиб чиқиш, шунингдек, уларни ижобий ҳал этиш кераклигини айтиб ўтди. Айниқса, ишсиз аёлларни бандлигини таъминлаш, уларни янги иш ўринлари, бўш ва квота иш ўринлари, хақ тўланадиган жамоат ишларига ишга жойлаштириш, касбга ўқитиш, субсидиялар ажратиш орқали томорқаларда бандлигини таъминлаш кераклигини таъкидлади.

Шунингдек, тадбир сўнгида сектор раҳбарлари ҳамда тегишли корхона ва ташкилот раҳбарларига зарурий топшириқлар берилди.