“Стартап ташаббуслари” дастурининг 5-даври якунлари бўйича ёшларнинг 40 та стартап лойиҳаларига 50 миллион сўм миқдорида маблағ берилди
2021-йил 21-декабр куни “Ўзбекистон ёшлар форуми-2021” доирасида “Стартап ташаббуслари” ёшларнинг инновацион ғоялари ва стартап-лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш дастури 5-даврининг “Демо дай” якуний тадбири бўлиб ўтди. Унда республика бўйлаб 40 та энг истиқболли стартап лойиҳалари ўз стартапларини ривожлантириш учун текин инвестиция сифатида пул мукофотларини олдилар.
“Стартап ташаббуслари” – бу ёшлар, хусусан, олий таълим муассасалари талабалари ҳамда касб-ҳунар коллежлари ва лицейлари битирувчиларининг инновацион ғоялари ва стартап лойиҳаларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга қаратилган комплекс дастур. Ушбу дастур Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ҳамда БМТ Тараққиёт дастури “Ўзбекистонда ёшлар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш” қўшма лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда.
Қўллаб-қувватлаш дастурининг 5-даврида иштирок этиш учун аризалар онлайн қабул қилинди ва келиб тушган аризалар сони олдинги даврларига нисбатан анча кўпрок бўлди. Дастурда иштирок этиш учун республиканинг барча ҳудудларидан 905 та ариза келиб тушди, бу аввалги даврга нисбатан 38 фоизга кўпдир. Лойиҳаларда иштирок этаётган ёшларнинг умумий сони жамоа аъзоларини ҳисобга олган ҳолда 1972 нафарни ташкил топди, шундан 559 нафари қизлардир.
Қабул қилинган аризаларни ўрганиш асосида экспертлар жамоаси 601 та лойиҳани танлаб олди ва бу лойиҳалар билан Зоом дастури ёрдамида онлайн интервю ўтказилди.
Суҳбат натижаларига кўра, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан 247 та жамоа таълим дастурида қатнашиш имкониятига эга бўлди, унда иштирокчилар стартапларни ишга тушириш асосларини ўргандилар, трекерлар (индивидуал бизнес-устозлар) билан мунтазам ишладилар, малакали экспертлар ва муваффақиятли тадбиркорлар маҳорат дарслари ва маслаҳатларида қатнашдилар ва Accelerator.uz платформаси орқали лойиҳаларини такомиллаштиришга муваффақ бўлди.
92 та жамоа акселерация дастурининг финал босқичига муваффақиятли ўтди ва ўз лойиҳаларини мутахассисларга онлайн тарзда тақдим этиш имкониятига эга бўлди. Мутахассислар гуруҳи “Ўзбекистон ёшлар форуми-2021” доирасида Инновацион ривожланиш вазирлигининг биносида 21 декабр куни бўлиб ўтган “Демо дай” якуний тадбирида республика бўйлаб 40 та энг истиқболли стартап лойиҳаларини (ҳар бир вилоятдан 2 тадан 5 тагача) ғолиб бўлиш учун танлаб олди.
Ғолибларга “Ёшлар-келажагимиз” жамғармаси томонидан 1,0 миллиард сўм, БМТ Тараққиёт дастури ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг “Ўзбекистонда ёшлар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш” қўшма лойиҳаси томонидан эса 100 минг АҚШ доллари миқдорида мақсадли грант маблағлари ажратилди. Демо Дай маърузачилари, шунингдек, C-Спаcе ва Гроунд Зеро коворкинг марказларидан бепул йўлланмалар олди.
Қўллаб-қувватлаш дастурининг бешинчи даври Россия Федерацияси ва Япония ҳукуматлари молиявий кўмагида БМТТД ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг «Ўзбекистонда ёшлар бандлигига кўмаклашиш» қўшма лойиҳаси доирасида “Ёшлар-келажагимиз” жамғармаси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Фотолар БМТТД томонидан тақдим этилди.