Сирдарё вилояти Сирдарё туманида “Бўш иш ўринлари ва вакант лавозимлар ярмаркаси” ўтказилди

05.02.2021

Сирдарё вилояти Сирдарё туманида жойлашган Пенг-Шенг қўшма корхонасига қарашли Ўзбекистон-Хитой “Дўстлик” боғида “Темир дафтар” рўйхатига киритилган ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида “Бўш иш ўринлари ва вакант лавозимлар ярмаркаси” ўтказилди.

Унда туманда фаолият кўрсатаётган 55 дан зиёд корхона, ташкилот ва муассасалар ўзларининг 3000 дан ортиқ бўш иш ўринлари билан иштирок этди.

 

Пировардида 350 нафар ёш ўғил-қиз иш билан таъминланди. Бундан ташқари тадбиркорлик фаолиятига қизиқиши бор ёшлар учун 15 дан зиёд завод, фабрика ҳамда тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди.

Шунингдек, тадбир давомида вақтинча ишсиз 18 дан 30 ёшгача бўлган фуқаролар бандлигини таъминлаш мақсадида, туманда мавжуд қишлоқ хўжалиги корхоналари ижарасида бўлган ер майдонларидан иккиламчи ижара шартномари тузилган ҳолда 30 нафар ёшга  0.5 гектардан ер майдони ажратилиб сертификатлар топширилди.