Сардоба туманида амалга оширилаётган ишлар

22.05.2020

Сирдарё вилояти Сардоба туманида содир бўлган офат оқибатларини бартараф этиш учун республикамиздан барча кучлар сафарбар этилган. Куни кеча турли вилоятлардан келган қурувчилар бригадаси энг кўп зарар кўрган Сардоба туманида қурилиш ва таъмирлаш ишларини амалга оширмоқда.

Аҳоли уй-жойлари ва бошқа объектларнинг қурилиш жараёнини Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Э.Муҳитдинов кўздан кечирмоқда.

Шу кунга қадар мазкур ҳудудга банд бўлмаган 2485 киши жалб этилди. Сардоба туманидаги талафот кўрган маҳаллаларда қайта тикланадиган уй-жойларнинг қурилиш ишларини амалга ошириш учун 11 та маҳалланинг ҳар биридан 20 нафардан ишсиз фуқаро 11 та бригадада, жами 220 нафар фуқаро ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинди.

Бу ерда 90 та янги хонадон қурилиши режалаштирилган бўлиб, ишлар жадаллик билан давом этмоқда.

Сардоба туманининг "Дўстлик" маҳалласида Бухоро вилоятидан 197 нафар ишчи қурилиш ва таъмирлаш ишларида иштирок этмоқда.

Э.Муҳитдинов жараёнларни ўрганар экан, олиб борилаётган ишларни янада самарали ташкил этиш бўйича таклиф ва тавсиялар берди.

Таъкидлаш жоиз, хизмат қилаётган барча фуқароларга қулай шарт-шароитлар яратилган, керакли хомашё ва фойдаланиш учун зарур бўлган жиҳозлар келтирилган. 

photo_2020-05-23_19-01-32 

photo_2020-05-23_19-09-39 

photo_2020-05-23_19-09-50