📌 Санитария-эпидемиология тизими ходимларини ишга жойлаштириш чора-тадбирлари тасдиқланди

30.01.2020

2019 йил 9 сентябрда Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиология хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари  тўғрисидаги” Фармони имзоланди. Мазкур ҳужжатга асосан аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш, Ўзбекистон Республикаси санитария-эпидемиология хизмати фаолиятини бошқариш ва мувофиқлаштиришнинг самарали механизмларини жорий этиш, унинг институционал салоҳиятини ошириш, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя этилиши соҳасида таъсирчан мониторинг ва назоратни йўлга қўйиш мақсад қилинган. Шунингдек, тизим негизида янги ташкилот (Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги)ни ташкил этиш, баъзилари (Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Санитария-эпидемиология назорати бош бошқармаси)ни тугатиш белгиланган.

Штат бирликларининг қисқариши ҳисобига ишдан бўшатилиши кутилаётган ходимларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида эса Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда “Иш ўринларини қисқариши натижасида меҳнат шартномаси бекор қилинган ходимларни ишга жойлаштириш юзасидан чора-тадбирлар лойиҳаси”ни ишлаб чиқди.

Мазкур лойиҳа доирасида тизимдан бўшатилган ходимлар рўйхати шакллантирилиб, шу асосда соҳага оид бўш иш ўринлари ярмаркалари ўтказиш, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси тузилмасидаги ташкилотларга ишга жойлаштириш тадбирлари кўриляпти. Шунингдек, уларни вакант ва захира иш ўринларига ишга жойлаштириш ҳам режалаштирилган.

Эҳтиёж туғилгудек бўлса, ишдан бўшаган ходимларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ишларини ташкил этиш масаласи ҳам тадбир режасига киритилган.

Бундан ташқари ходимларга субсидиялар бериш орқали бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидагилар учун микрокредитлар ажратиш белгиланган.