РАСМИЙ МУНОСАБАТ!

11.11.2020

Мустақил блогер Нигора Алимова томонидан facebook ижтимоий тармоғи орқали бандлик, фуқароларни чет элларда ишлаши бўйича билдирган фикрлари юзасидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги қуйидагиларни маълум қилади.

Аввало, блогер Нигора Алимовага мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида бўлаётган ўзгаришларга бефарқ эмаслиги, аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги долзарб муаммоларга ўз фикрларини билдиргани учун миннатдорлик билдирамиз.

Маълумки, ҳар йили мамлакатимизда ўрта ҳисобда қарийб 600-700 минг нафар ёшлар таълим муассасаларини тамомлаб, меҳнат бозорига кириб келади. Жумладан, 2020 йилнинг ўзида умумтаълим мактабларини 449,9 минг нафар ва касб-ҳунар коллежларини 177,3 минг нафар ҳамда ОТМларни 69 минг нафар ёшлар тамомлаган.

Ушбу ёшлардан ўртача 10-11 фоизи олий таълим, 12-14 фоизи ўрта махсус таълим муассасаларида ўқишини давом эттиради ва қолган катта қисми меҳнат бозорига касб-ҳунарсиз, малакасиз кириб келади ҳамда ишга жойлашишда қийинчиликларга дуч келади.

Шу билан биргаликда, жорий йилда тармоқ инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш йўналишида 465 та лойиҳада 11,7 минг, ҳудудий инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда 6 980 та лойиҳада 58,9 минг, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш йўналишида 164 та лойиҳада 2,7 минг, янги кичик корхона ва микрофирмаларни ташкил этилиши ҳисобига 136,7 минг ҳамда якка тартибдаги тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобига 95,8 мингта иш ўринлари ташкил этилди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан иш берувчилар талабини ўрганиш орқали ташкил этилаётган янги иш ўринларини малакали мутахассислар билан таъминлаш мақсадида, шунингдек, лозим бўлганда чет элга кетаётган фуқароларга кетишдан олдин уларни касбга ўргатиш мақсадида қисқа муддатли касб-ҳунарга ўқитиш курслари ташкил этилди.

Бугунги кунга келиб вазирлик тасарруфида йилига 60 минг нафар ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, шунингдек, хорижий тиллар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш билан қамраб олиш имкониятига эга бўлган 14 та “Ишга марҳамат” мономарказлари
(13 таси 2021 йил 1 январдан ишга тушади), 30 та касб-ҳунарга ўқитиш марказлари ва 136 та маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканлари фаолият олиб бормоқда.

Биргина 2020 йилнинг ўтган январь-октябрь ойларида 34,7 минг нафар ишсиз ва банд бўлмаган фуқароларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган 30 дан ортиқ касблар, тадбиркорлик кўникмалари ҳамда хорижий тилларга ўқитилди.

Вазирлик томонидан аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўйича фаол дастурларни жорий этиш, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқи ва муҳофазасини таъминлаш бўйича ишлар тизимли давом эттирилмоқда.

Бандлик ва меҳнат муносбатлари

вазирлиги ахборот хизмати