Самарқанд шаҳрида жойлашган “Сenter for assessment of knowledge” МЧЖ Билимни баҳолаш марказининг аккредитацияси бекор қилинди

05.07.2019

Сўнгги вақтларда Самарқанд шаҳрида жойлашган “Сenter for assessment of knowledge” МЧЖ билимни баҳолаш маркази томонидан Корейс тили бўйича EPS-TOPIK имтиҳонига кириш учун  саралаш тест синовлари жараёнида йўл қўйилаётган камчиликлар фуқароларнинг кўплаб эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Хусусан, баҳолаш маркази томонидан тест давомида қоидабузарликлар содир этилиб, адолатсизликка йўл қўйилаётганлиги ҳакида 50 нафарга яқин фуқародан шикоятлар келиб тушган. Мазкур мурожаатларни ўрганиш натижасида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги “Сenter for assessment of knowledge” Билимни баҳолаш марказида қоида бузилганлиги ва қуйидаги қўпол хатоликларга йўл қўйилганлиги аниқланди:

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 сентябрдаги 725-сонли қарори билан тасдиқланган “Хорижга меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг касбий малакасини тасдиқлаш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахсларни аккредитациядан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 3, 4, 5-бобида келтирилган асосий талаблар бузилган.

2. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва “Сenter for assessment of knowledge” Билимни баҳолаш маркази ўртасида 2019 йил 1 июнь куни имзоланган келишувнинг 3.3 ва 4-банди талабларига риоя этилмаган.

Аниқланган ушбу ҳолатлар ва “Сenter for assessment of knowledge” Билимни баҳолаш маркази томонидан Низом қоидаларининг қўпол равишда бузилганлиги учун Низомнинг 42 ва 43-бандлари, шунингдек, Келишувнинг 5.3 ва 5.4-бандларига мувофиқ “Сenter for assessment of knowledge” МЧЖ аккредитацияси, вазирлик билан Келишуви бекор қилинади.

Низомнинг 51-бандига ва Келишувнинг 5.3-бандига асосан марказ томонидан тақдим этилган номзодлар динамик рўйхатдан чиқарилади.

Янгиланган динамик рейтинг рўйхатини қуйидаги манзил бўйича кўриш мумкин: http://test.mehnat.uz/