Россияда чет эл фуқароларига имтиёзлар берилди

18.04.2020

Коронавирус инфекцияси тарқалиши хавфи муносабати билан Россия Федерацияси Президентининг хориж фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, хусусан меҳнат мигрантларига истисно ва имтиёзлар берувчи янги қарори эълон қилинди.
Ушбу ҳужжатга мувофиқ 2020 йил 15 мартдан 15 июнгача бўлган даврда қуйидагилар белгиланган:


- чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Россия Федерациясида вақтинча бўлиш, вақтинча ёки доимий яшаш, яшаш жойида рўйхатда турган муддатларининг юқорида кўрсатилган вақт давомида тугаши кўзда тутилган бўлса, ушбу муддатларни тўгатмаслик;


- Россия Федерациясидан маъмурий тартибда чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилинган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг мамлакатдан ихтиёрий чиқиб кетиш, депортация қилиш муддатларини жорий йилнинг 15 июнига қадар узайтириш;


- юқорида белгиланган вақт давомида амал қилиш муддати тугайдиган вақтинча яшаш учун рухсатнома, яшаш гувоҳномаси, амал қилиш муддати кўрсатилган миграцион карта, ишлаш учун рухсатнома, патент, чет эл ишчиларини жалб қилиш ва улардан фойдаланиш учун рухсатнома каби ҳужжатларнинг муддатини тўхтатмаслик.


Шунингдек, мазкур қарорга мувофиқ иш берувчиларга короновирус тарқалиши муносабати билан мамлакатда жорий этилган чекловлар ва санитария-эпидемиологик талабларни таъминлашга қаратилган бошқа чораларнинг бажарилиши шарти билан чет эл фуқароларини патентга эга бўлмаган тақдирда ҳам ишга жалб қилишга рухсат берилган.

Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан қуйида танишиш мумкин: http://kremlin.ru/events/president/news/63216