“Мажбурий меҳнатнинг олдини олиш учун адолатли ишга ёлланишга кўмаклашиш” мавзусида минтақавий вебинар ўтказилди

28.10.2021

2021 йилнинг 28 октябрь куни Халқаро Мехнат Ташкилоти ва Туркманистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг қўшма ташаббуси билан “Мажбурий меҳнатнинг олдини олиш учун адолатли ишга ёлланишга кўмаклашиш” мавзусида вебинар бўлиб ўтди.

Йиғилишда Туркманистон Республикасининг Ташқи ишлар вазирлиги, Меҳнат вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Касаба уюшмалари Федерацияси, Қатар Республикаси вакиллари ҳамда Халқаро Мехнат Ташкилотининг мажбурий мехнат ва адолатли ёллаш билан доимо иш олиб борадиган экспертлари иштирок этишди.

Ушбу учрашувдан кўзланган мақсад мажбурий меҳнатга қарши курашиш сохасида масъул вазирликлар фаолияти йўналишлари бўйича тажриба алмашишдан иборат эди.

Учрашувда ХМТ халқаро эксперти Гаэла Руди Фрайзер ишга ёллашнинг адолатли амалиёти ва уларнинг аҳамияти ҳақида маъруза қилди ҳамда мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай кўринишининг олдини олиш заруратининг  сабабий боғлиқлиги тўғрисида гапирди.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ўз навбатида, мамлакатимизда Халқаро мехнат ташкилоти билан хамкорликда болалар ва мажбурий мехнатдан фойдаланишнинг олдини олиш  соҳасида эришилган ютуқлари, хусусан вазирлик Давлат меҳнат инспекцияси томонидан халқаро хамжамият аъзолари ва экспертлар томонидан эътироф этилган пахтачилик соҳасидаги ўзгаришларнинг ижобий натижаси ҳамда  2018 йилдан буён пахта етиштириш кампанияси давридаги фаолияти  натижалари тақдим этилди.

Шу билан бирга, вазирлик томонидан Туркманистон Республикасидан иштирок этган вакилларга мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида ўзаро хамкорликка тайёрлигини билдирди.  

Учрашув якунида Туркманистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги тажриба алмашиш доирасида бундай муҳим маълумотларни тақдим этгани учун Ўзбекистон томонига чуқур миннатдорчилик изҳор этди ва ўзаро муносабатларнинг мустаҳкамланишига катта умид билдирди.