Қарши шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.

25.10.2023

Қарши шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари дунёдаги вазият ва зиддиятлар тобора кучайиб бораётгани, бундай шароитда бефарқ бўлиб, “кун ўтса бўлди” қабилида иш тутадиган раҳбарлар энг катта душман эканини қайд этди.

“Мамлакатимиз, халқимиз тинчлиги, фаровонлиги ва келажаги учун янги корхоналар, иш ўринлари, янги бозорлар, инвестисия, катта-катта тушумлар керак”, - деди Президент.

Келгуси йилда вилоятга 1 миллиард доллар тўғридан-тўғри инвестисия жалб қилиш заминини ҳозирдан яратиш лозимлиги қайд этилди.

Жумладан, Деҳқонобод, Китоб ва Қарши туманларидаги саноат зоналарида бўш турган 100 гектар ерларга тадбиркорлар 300 миллион доллар инвестисия киритиб, 3,5 мингта иш ўрни яратиш ташаббуси билан чиққан.

Шу каби, Қарши шаҳри ва Китобда ишлатилмаётган пахта терминалларида саноат технопаркини ташкил қилиб, камида 5 мингта доимий иш ўрни яратиш имконияти бор.

Гўшт, сут, мева-сабзавотни қайта ишлаш соҳасида 50 миллион долларлик лойиҳаларни ишга тушириш топширилди.

Қозон шаҳрида имзоланган 337 миллион долларлик 21 та лойиҳа ва Ўзбекистон-Хитой бизнес форумида келишилган 352 миллион долларлик 20 та лойиҳани якунига етказиш вазифаси қўйилди.