Cўх туманида олиб борилаётган амалий ишлар
Пандемиянинг салбий таъсирини камайтириш, аҳоли бандлиги ва даромадини ошириш ҳамда камбағалликни қисқартириш бўйича Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан кенг кўламда амалий чоралар кўрилмоқда.
Жорий йилнинг 2–3 июнь кунлари Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Хусанов Фарғона вилоятининг Сўх туманида бўлиб, соҳада амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Бунда вақтинча ишсиз аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш: Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан ишсизларни жамоат ишларига жалб этишни яна ҳам кенгайтириш, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини ошириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Вазир Сўх тумани “Сариқанда” МФЙ ҳудудида жойлашган “Сўх намунаси” МЧЖ фаолияти ва меҳнат шароитлари билан танишди, мавжуд муаммоларни ўрганди. “Офтобру” МФЙ ҳамда “Янгиариқ” МФЙда ташкил килинган тикувчилик ва пазандачилик йўналишларидаги касбга ўқитиш курслари фаолияти билан танишди.
Шунингдек, туманда жойлашган Қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежидаги ўқув хоналарида яратилган шарт-шароитларни ўрганди. Келгусида Бандликка кўмаклашиш марказлари билан ҳамкорликда меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар, хорижий тил курсларини ташкил қилиш юзасидан таклифларини билдирди.
Туман буйича жами 7187 нафар ишсизларнинг ишга жойлаштирилиши ҳамда кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш орқали уларнинг реал даромад манбаларига эга бўлишларига кўмаклашиш бўйича манзилли дастур белгиланди. Бундан ташқари, 3 июнь куни Н.Хусанов халқ депутатлари Сўх тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида иштирок этди.
Қайд этиш жоизки, жорий йилнинг март–май ойида 394 нафар ишсиз доимий иш жойларига эга бўлган. Иссиқхона қуриш, уруғлик–кўчат ва суғориш воситалари харид қилиш учун март–май ойида 47 нафар фуқарога Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан март–май ойида 127,0 млн. сўм субсидия тўлаб берилди. Ҳудудларларда тадбиркорликни ривожлантириш орқали камбағалликни қисқартириш мақсадида Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан жорий йилнинг март–май ойида 11 нафар ишсиз фуқароларга тадбиркорлик фаолиятини бошлашлари учун уларга 1,9 млн. сўмлик субсидия ажратилди.
Карантин даврида ишсиз ва вақтинча ишини йўқотган, хорижга ишлаш учун кета олмаган ва ишсиз фуқароларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида уч кун муддатда тайинлаш ва ҳар беш кунда тўлаб бориш тартиби жорий қилиниб, март-май ойида 70 нафар ишсиз фуқароларга 40,7 млн. сўм ишсизлик нафақаси тайинланди.