Ўзбекистон ва Россия меҳнат вазирлари икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қўшма режаларни белгилаб олдилар

27.10.2021

Москвада Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Хусанов Россия Федерацияси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири Антон Котяков билан учрашди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон фуқароларини Россияда меҳнат фаолиятини ташкил этиш тизимини такомиллаштириш ва жалб этиш соҳасида ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларига меҳнат мигрантларини жалб этишнинг соддалаштирилган тартиби, меҳнат жараёнларини рақамлаштириш ва қонунчилкдаги инновациялар бўйича тажриба лойиҳасини амалга ошириш масалалари муҳокама этилди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Хусанов россиялик ҳамкасбига Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги ва икки мамлакат савдо-саноат палаталари ўртасида касб-ҳунар таълими тизимини қўллаб-қувватлаш ва назорат қилишни назарда тутувчи ҳамкорлик тўғрисидаги уч томонлама Битим имзолангани ҳақида маълумот берди.

“2017-йилда имзоланган ташкилий ишга қабул қилиш бўйича ҳукуматлараро келишув пандемия даврида меҳнат бозоридаги мавжуд вазиятни ҳисобга олган ҳолда янгиланиш ва тузатишларни талаб қилади. Ишга қабул қилиш тартиб-таомилларини ҳам ходим, ҳам иш берувчи учун имкон қадар содда ва қулай қилиб, ҳар икки томон учун зарур кафолатларни таъминлаш зарур”, — деди вазир Нозим Хусанов.

Вазирнинг сўзларига кўра, айни пайтда Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги меҳнат бозорида талаб юқори бўлган кадрларни касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини ташкил этишда етакчи рол ўйнамоқда. Мамлакатнинг ҳар бир ҳудудида ишсиз аҳолига хизмат кўрсатиш, касб-ҳунар ва тил ўргатиш, тадбиркорликка ўргатиш, меҳнат миграцияси масалалари бўйича маслаҳатлар беришнинг ўзига хос тизими ҳам яратилган.

Музокаралар натижасида томонлар 2017-йилги ташкилий ишга қабул қилиш тўғрисидаги шартномага ўзгартиришлар киритиш, меҳнат муносабатларини рақамлаштириш ва меҳнат муҳофазасини таъминлаш, корхоналарда шикастланишлар даражасини пасайтириш соҳасида меҳнат органлари ходимларини қўшма ўқув дастурлари ва амалиёт ўташ жараёнини режалаштириш, шунингдек, меҳнат қонунчилигини такомиллаштириш бўйича келишувларга эришдилар.