Ўзбекистон Республикаси Ҳаракатлар стратегияси: макроиқтисодий барқарорлик, инвестицион фаоллик ва инновацион ривожланиш истиқболлари

26.05.2021

 “Ўзбекистон Республикаси Ҳаракатлар стратегияси: макроиқтисодий барқарорлик, инвестицион фаоллик ва инновацион ривожланиш истиқболлари” мавзусида IV анъанавий халқаро илмий-амалий онлайн конференция бўлиб ўтди.

Жаҳон банки, Конрад Аденауэр Фонди (Германия), АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари, АҚШ, Германия, Россия, Жанубий Корея, Индонезия, Малайзия, Чехия, Польша, Болгария, Янги Зеландия, Қозоғистон ва Қирғизистон каби давлатларнинг нуфузли университетлари раҳбарлари, олимлари ва соҳа мутахассислари иштирокидаги халқаро конференцияда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Хусанов иштирок этди ва нутқ сўзлади.

Вазир ўз нутқида Президент фармони асосида ҳар йили “Аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича давлат буюртмаси”нинг қабул қилиш механизми ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш асосида ўтган 4 йил давомида яратилган иш ўринлари тўғрисида тўхталиб ўтди: “Бугунги глобаллашув шароитида ер юзида туб ўзгаришлар кечаётган мураккаб бир вазиятда Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда шунингдек, аҳоли, айниқса хотин-қизлар, ёшлар бандлигини таъминлаш, ишсиз фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш борасида тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва ҳукуматнинг аҳоли бандлиги соҳасида 47 та ҳужжати қабул қилинди. Ушбу ҳужжатлардан кўзланган мақсад меҳнат ресурслари, бандлик ва аҳолини ишга жойлаштиришни ҳар томонлама таҳлил қилиш, ижтимоий муҳофазага муҳтож фуқароларнинг бандлигини таъминлашга қаратилди”.

Ҳаракатлар стратегияси доирасида даврий амалга оширилган ислоҳотлар бўйича тўпланган тажрибалар, имкониятлар ва истиқболдаги ислоҳотлар имкониятларини баҳолаш ва кенг жамоатчилик фикрини ва халқаро эътирофларни тизимлаштириш мақсадида анжуман, симпозиум ва давра суҳбатлари ўтказиб келинмоқда. Шундай анжуманлардан бири Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Вазирлик, идоралар ва халқаро экспертлик марказлари, иқтисодчи олимлар ҳамкорлигида анъанавий халқаро илмий-амалий онлайн конференция ўтказиб келинмоқда.

Ушбу конференция тарихан қисқа даврни ўз ичига қамраб олган мазкур стратегик дастурнинг жорий йилда ҳар бир соҳадаги эришилган ютуқлари сарҳисоби ва истиқболдаги вазифалар муҳокамаси ва халқаро ва маҳаллий экспертлар тажрибаларини алмашиш майдони сифатида ҳам хизмат қилмоқда.