ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БАНДЛИК ВА МЕҲНАТ МУНОСАБАТЛАРИ ВАЗИРЛИГИДА ВИДЕОКОНФЕРЕНЦАЛОҚА ШАКЛИДА УЧРАШУВ БЎЛИБ ЎТДИ
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида Финляндия бандлик ва иқтисодиёт вазирлиги вакиллари билан икки мамлакат ўртасидаги ўзаро келишувлар бўйича шерик-давлатлардаги дипломатик ваколатхоналарнинг раҳбарлари иштирокида видеоконференцалоқа шаклида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув бошида Финляндиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси М.Лиивала турли соҳалар, шу жумладан, меҳнат муносабатлари соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш учун юқори имконият мавжудлигини таъкидлади.
Финляндиянинг бандлик ва иқтисодиёт вазирининг маслаҳатчиси О.Сорайнен меҳнат бозори ҳолати, унга COVID-19 пандемиясининг таъсири ҳамда мамлакатда ишсизлик даражасини пасайтиришга қаратилган чора-тадбирлар бўйича батафсил маълумот берди.
Финляндия бандлик ва иқтисодиёт вазирлиги Евро Иттифоқ ва халқаро ишлар Департаментининг директори М.Хуртта Финляндия меҳнат бозорида хориждан, шу жумладан, Ўзбекистондан келтириладиган ишчи кучига эҳтиёж катта эканлигини таъкидлади.
Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Э.Мухитдинов бу борадаги ҳамкорлик учун юксак салоҳият мавжудлигини айтиб ўтди. Шунингдек, Э.Мухитдинов Финляндия давлатида Ўзбекистон фуқароларини ишга жойлаштиришдаги ҳамкорликни ташкиллаштирилган ёлланма механизмларни жорий этиш орқали йўлга қўйишни таклиф этди.
Шунингдек, тадбирда меҳнат мигрантларини чет элга кетишидан олдинги тайёргарлиги, яъни, хорижий мамлакатлар иш берувчиларининг талабларига мос равишда турли касбларга ва тилга ўргатишдаги Ўзбекистоннинг тажрибаси бўйича маълумот берилди.
Бундан ташқари Э.Мухитдинов Финляндиядаги ўзбек меҳнат мигрантларининг маҳаллий меҳнат бозори талабларига мослаштириш учун уларни турли касбларга онлайн шаклда ўқитиш дастурларини шакллантириш имкониятлари мавжудлиги тўғрисида сўз юритди.
Учрашув қатнашчилари келгусидаги режалар бўйича фикр алмашиб, ўзаро манфаатли масалалар юзасидан самарали мулоқотни давом эттириш зарурлигини таъкидладилар. Қолаверса, томонлар биргаликда ишлаб чиқиладиган ва имзо қўйиладиган икки томонлама ҳужжатлар асосида шаклланадиган ҳамкорлик хуқуқий меъёрларининг истиқболларини муҳокама қилишди.