ОЗАРБАЙЖОН МЕҲНАТ ВА ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ ВАЗИРИ БИЛАН УЧРАШУВ БЎЛИБ ЎТДИ

22.11.2023

 

Учрашувда жорий йилнинг 20-октябрда Тошкентда эришилган келишувларни амалга оширишнинг бугунги ҳолати ҳамда икки мамлакат вазирликлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келгусидаги режалар муҳокама қилинди.

“Меҳнат вазирларининг 5-конференциясини ўтказиш ва бунда ИҲТга аъзо 40 дан ортиқ давлат ва халқаро ташкилотлар иштирок этиши режалаштирилгани ҳақида раҳбариятга ахборот берганимда, Президентимиз мазкур анжуманда икки қардош давлат – Туркия ва Ўзбекистоннинг иштироки жуда муҳим эканини алоҳида таъкидлади”, – деди Саҳил Бабаев.

Шунингдек, Озарбайжон меҳнат вазири жорий йилнинг октябр ойида Ўзбекистонга ташрифи юқори савияда ташкил этилгани ҳақида тўхталиб, ушбу сафар давомида Самарқанд шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказига боргани ҳамда ишсиз аҳолини касбга ўқитишни ташкил этиш бўйича Ўзбекистонда яратилган шароитлар билан яқиндан таништиргани учун самимий миннатдорлик билдирди.

“Ишсиз аҳолини касбга ўқитишни ташкил этиш бўйича амалга ошираётган чора-тадбирларингиз кўлами, мономарказларда яратилган шарт-шароитлар, бандликни таъминлаш бўйича тизимли хизмат кўрсатиш менда катта таассурот қолдирди. Биз ушбу тажрибани Қорабоғда касб-ҳунарга ўқитиш марказини қуриш ва ишга тушириш жараёнида қўллашни истаймиз, унинг концепцияси яқинда ишлаб чиқилган”, дея таъкидлади Озарбайжон меҳнат вазири.

Учрашув якунида меҳнат муносабатларини тартибга солиш, шаффофликни таъминлаш орқали текширишларни ташкил қилиш, меҳнат қонунчилигига риоя этилишини мониторинг қилишнинг инновацион усулларини жорий этиш борасида икки томонлама келишувларга эришилди.

Томонлар аниқ чора-тадбирлар ва уларни амалга ошириш бўйича “Қўшма йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлашга келишиб олдилар.