Оталиққа олинган мактаб битирувчилари учун "Очиқ эшиклар куни" тадбири ўтказилди

17.12.2020

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан оталиққа олинган мактаб битирувчилари учун Яшнобод туманидаги "Ишга марҳамат" банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатиш мономарказида “Очиқ эшиклар куни” тадбири ўтказилди.

Унда пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманидаги 102-сон ҳамда 113-сон умумтаълим мактаби битурувчи ёшлари турли йўналишдаги касблар, ўқув курслари, келгусида ҳар бир ёш учун зарур бўладиган ҳунарлар билан танишди.

Тадбир давомида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Мухитдинов ва "Ишга марҳамат" Мономаркази директори Нодира Умарова ёшлар билан учрашиб, бугунги кунда талаб юқори бўлган касблар, йўналишлар, ёшларга яратилаётган имконият ва имтиёзлар, шунингдек, меҳнат бозори, меҳнат муносабатлари, касб-ҳунарга ўқитиш тизими, ташкил этилаётган мономарказлар, меҳнат қонунчилигига доир фойдали ва ҳуқуқий маслаҳатлар, қолаверса, бандлик соҳасига оид бошқа янгиликлар ҳақида батафсил маълумотлар беришди.

Учрашув сўнггида битирувчи ўқувчилар ўзларининг қизиқтирган саволларига жавоб олишди ва эсдалик учун фотосуратларга тушишди.