Олмалиқ шаҳридаги ҳолат юзасидан РАСМИЙ БАЁНОТ
Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида бир неча хотин-қизларнинг автомобил йўлини тўсиб қўйганлиги ҳақида ахборот тарқатилган. Ушбу ҳодиса юзасидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги қуйидагиларни маълум қилади.
Ўзбекистон Республикаси “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Қонунининг 38 – 43 моддалари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 декабрдаги “Ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва захирага қўйиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 965-сонли Қарорига асосан ижтимоий эҳтиёжманд аҳоли тоифалари учун корхона ва ташкилотларда иш ўринлари захираланиши белгиланган.
Олмалиқ шаҳар ҳокимининг 2020 йил 10 сентябрдаги 369-сонли Қарори билан 73 та корхона ва ташкилотларда 2021 йил учун 670 та иш жойлари (квота) захираланган.
Хусусан, қарорда “Олмалиқ кон металлургия комбинати” АЖда ижтимоий эҳтиёжманд қатлам учун 451 та иш ўринлари захираланган.
“Олмалиқ кон металлургия комбинати” АЖ томонидан Олмалиқ шаҳар ҳокимининг Қарорини ижрога қаратиш тўғрисида 2020 йил 30 декабрдаги 01343-сонли буйруғи қабул қилинган бўлиб, 2021 йил учун жамиятда:
- 140 та иш ўрни ўн тўрт ёшгача ва ногирон болалари бўлган ёлғиз ота, ёлғиз оналар ва кўп болали оилалар учун;
- 283 та иш ўрни умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини тамомлаган ёшлар, шунингдек, олий таълим муассасаларининг давлат грантлари бўйича таълим олган битирувчилари учун;
- 15 та иш ўрни сафарбарлик чақируви захирасида хизматни ўтаган ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафларидан муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган шахслар учун;
- 7 та иш ўрни ногиронлини бўлган шахслар ва пенсияолди ёшидаги шахслар учун;
- 4 та иш ўрни жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ёки суднинг қарорига кўра тиббий тусдаги мажбурлов чоралари қўлланилишидан озод қилинган шахслар учун;
- 1 та иш ўрни одам савдоси қурбонлари учун захираланган.
“Олмалиқ кон металлургия комбинати” АЖдаги захираланган иш ўринларига
2021 йил 1 январидан 1 апрелигача 66 нафар ҳамда апрель ойи давомида 84 нафар жами 150 нафар фуқароларга йўлланмалар берилган.
Комбинатнинг 2021 йил 6 мартдаги №135-7к-сонли ҳисоботига асосан январь-март ойлари давомида захираланган иш ўринларига 105 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож ва иш топишда қийналаётган фуқаролар ишга қабул қилинганлигини маълум қилган.
Бундан ташқари, жорий йилнинг ўтган даврида комбинатга 362 нафар фуқаролар ишга қабул қилинган. Улардан 219 нафари ёшларни (42 нафари “Ёшлар дафтари”га киритилган) ташкил этади.
“Олмалиқ кон металлургия комбинати” АЖ ва Олмалиқ шаҳар хокимлиги ўртасида 2021 йил 11 январдаги Олмалиқ КМК АЖга ишга кириш тартибини янада такомиллаштириш юзасидан биринчи навбатда амалга ошириладиган чора-тадбирлар “Йўл харитаси” ишлаб чиқилган.
Шунингдек, “Олмалиқ кон металлургия комбинати” АЖга ишга жойлаштиришда бериладиган квота йўлланмаларининг мавжуд мутахассисликлар ва бўш иш ўринлари бўйича берилишида шаффофликни таъминлаш, жамоатчилик назоратини ўрнатиш мақсадида шаҳар ҳокимлиги, комбинат мутахассислари, Депутатлар, Ёшлар ишлари агентлиги, ногиронлар жамияти вакилларидан 11 кишидан иборат комиссия таркиби шакллантирилган.
Ушбу комиссия фуқароларни захираланган иш ўринларига ишга жойлаштириш жараёнида корхонадаги ишларнинг профессионал тузилмаси ва унинг фаолиятининг ўзига хос хусусиятлари ҳисобга олинишини назорат қилади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, қуйидагиларни амалга оширилишига келишилди.
Биринчидан, Вазирлик ва “Олмалиқ КМК” АЖ мутахассислари билан ҳамкорликда йўлланма берилган фуқароларни Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 декабрдаги
965-сонли Қарори билан тасдиқланган Низомнинг 3-бандида келтирилган муҳтожлар тоифасига тўғри келишини қайта кўриб чиқилади, йўлланмалари қонуний ўз асосини топган фуқаролар “Олмалиқ КМК” АЖга жорий йилнинг сентябр ойига қадар босқичма-босқич ишга қабул қилиш режаси тасдиқланади ва ишга жойлаштирилади.
Иккинчидан, ижтимоий эҳтиёжманд тоифасига кирмайдиган ҳамда комбинат эҳтиёжидаги мутахассислигига тўғри келмайдиган фуқароларни, шаҳардаги 81 та (ОКМК дан ташқари) корхона ва ташкилотлардаги 871 та бўш (вакант) иш ўринларига ишга жойлаштириш чоралари кўрилади (жумладан, “Винтаж деним” МЧЖдаги 50 та иш ўрни, “Олмалиқ тола текстил” МЧЖ да 43 та иш ўрни, “Болезо текстил” МЧЖдаги 25 та иш ўрни, “Сиркечи Ташкент текстил” МЧЖдаги 39 та иш ўринлари мавжуд).
Учинчидан, комбинатга тегишли бўлган 250 гектар ер майдони қишлоқ ҳўжалиги экинларини экиш учун бир фуқарога ўртача 50 сотихдан ажратиб берилади, етиштирилган махсулотлар комбинат томонидан бозор нархларида сотиб олинади, шунингдек, ўзини-ўзи банд қилиш, тадбиркорликка жалб қилиш, бандликни рағбатлантирувчи субсидиялар ажратиш орқали бандлигига кўмаклашилади.