Оилавий мажбуриятларга эга ходимлар тўғрисидаги 156-сонли Конвенсиясини (Женева, 1981-йил 23-июн) ратификация қилиш ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилди.

02.04.2024

Сенатнинг 51-ялпи мажлисида (https://t.me/senatuz/27305) “Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ)нинг Ишлаётган эркаклар ва аёллар учун тенг муносабатлар ва тенг имкониятлар: оилавий мажбуриятларга эга ходимлар тўғрисидаги 156-сонли Конвенсиясини (Женева, 1981-йил 23-июн) ратификация қилиш ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилди.

Ушбу Конвенсиянинг мақсади – ҳақ тўланадиган ишни бажарадиган ёки бажаришни хоҳлайдиган, ишлаётган аёллар ва эркаклар учун тенг муносабат ва тенг имкониятларни таъминлаш, оилавий мажбуриятларга эга бўлган шахсларнинг камситишга учрамаган ҳамда имкон қадар касбий ва оилавий мажбуриятларни уйғун тарзда бирлаштирган ҳолда ўз ҳуқуқларидан фойдалана олишдир.

ХМТнинг 156-сонли Конвенсияси иқтисодий фаолиятнинг барча соҳаларига ва ҳамма тоифадаги ишчиларга нисбатан қўлланилади, шунингдек, барча талаблари Ўзбекистон Республикасининг миллий қонунчилигига тўлиқ имплементация қилинган.
Муҳокама якунлари бўйича Қонун маъқулланди.

Маълумот учун, ушбу конвенсия ҳозирги кунга қадар ХМТга аъзо бўлган 187 та давлатнинг 45 таси томонидан ратификация қилинган.