САРДОБА ТАЛОФАТИДАН ЖАБР КЎРГАН АҲОЛИНИНГ БАНДЛИГИ ТАЪМИНЛАНМОҚДА
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан Сардоба сув омборидаги техноген ҳалокат натижасида Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида талофат кўрган маҳаллаларнинг ишсиз қолган аҳолиси бандлигини таъминлаш мақсадида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Ҳар бир талофат кўрган маҳаллада аҳолини ишга жойлаштириш штаблари ташкил этилиб, уларга Сирдарё вилоятининг туман (шаҳар) Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари раҳбарлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Бандлик бош бошқармалари бошлиқлари масъул этиб бириктирилди.
Штаб вакиллари томонидан талофат кўрган маҳаллаларда уйма-уй юрилиб, вақтинчалик ишсиз қолган ва меҳнат миграциясидан қайтиб келган фуқароларнинг манзилли рўйхатлари шакллантирилди ва уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар кўрилди.
Амалга оширилган ишлар натижасида 7 785 нафар ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланди ва ушбу мақсадларда вазирлик ҳузуридаги Бандликка кўмаклашиш жамғармаси (6,5 млрд.сўм) ва Жамоат ишлари жамғармасидан (6,4 млрд.сўм) жами 12,9 миллиард сўм маблағ ажратилди, жумладан:
Биринчидан, 3 897 нафар фуқаролар жамоат ишларига, жумладан маҳаллалар ҳудудлари, уларда жойлашган ижтимоий инфратузилма объектларни (мактаб, болалар боғчаси, оилавий поликлиникалар) тозалаш ва ободонлаштириш ишларига жалб этилди.
Шу жумладан, 1 048 нафар ишсиз фуқаролар 1 870 та талофат кўрган уйларни қуриш, тиклаш ва таъмирлаш ишларига жалб этилди.
982 нафар ишсиз фуқаролар, шундан 324 нафар қайтиб келган меҳнат мигрантлари маҳаллаларда 35,6 километр пиёдалар йўлаги (тротуар) қурилишига жалб қилинди.
Иккинчидан, томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида 805 та тикланган уйларда Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан ажратилган 3,4 млрд сўм субсидиялар ҳисобига енгил конструкцияли иссиқхоналар, суғориш воситалари ўрнатилди ҳамда уруғ ва кўчатлар сотиб олинди.
Учинчидан, 168,7 гектар ер майдонда ташкил этилган 8 та қишлоқ хўжалиги кооперативига 453 нафар ишсиз фуқаро бириктирилди ва уларга кооператив устав фондига аъзолик улуши сифатида бир миллиард сўмдан ортиқ субсидия маблағлари ажратилди.
Масалан, Сардоба тумани “Дўстлик” ҳудудидан 15 гектар ер майдонига “Green garden” кооперативи ташкил этилди ва унга 50 нафар кам таъминланган оила аъзолари бириктирилди.
Тўртинчидан, камбағал ва ишсиз фуқароларни замонавий
касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш мақсадида Мирзаобод туманида ўқув маскани барпо этилиб, тикувчилик, қандолатчилик, сартарошлик, компьютер саводхонлиги ва автомобилларга хизмат кўрсатиш ўқув курслари ташкил этилади.
Бундан ташқари, ўқув маскани биносида маҳаллий ёшлар ва
хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида тикув устахонаси, гўзаллик салони, автомобиллар устахонаси, кутубхона ва савдо дўкони очилади.
Бешинчидан, меҳнат органлари йўлланмаси билан 600 нафар хотин-қизлар тикувчилик соҳасида касбга ўқитилиб, уларнинг ўқув ҳаражатлари учун 400 млн.сўм маблағлар ажратилиди.
Касб-ҳунаргга ўқиган ёшлар маҳаллий текстиль корхоналарига ишга жойлаштирилмоқда ("Оқсарой текстил" МЧЖга - 100 нафар, "Нафис либослар" МЧЖга - 200 нафар, "FINBA TEKSTIL" МЧЖга - 150 нафар, "Ахмаджон текстил" МЧЖга - 150 нафар).