Тошкентда Россия ИИВ ҳузуридаги “Паспорт-виза хизмати” ва Москванинг “Кўп тармоқли миграция маркази” филиаллари очилиши бўйича келишув юзасидан

25.12.2020

Россия Федерациясининг қатор ваколатли ташкилотлари билан меҳнат миграцияси масалаларида музокаралар олиб бориш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси М.Хайриддинов бошчилигидаги делегация ушбу мамлакатда бўлиб тургани ҳақида хабар берилган эди.

Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Россия Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги “Паспорт-виза хизмати” Федерал давлат унитар корхонаси ҳамда Москва шаҳридаги “Кўп тармоқли миграция маркази" Давлат бюджет муассасаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида келишувлари имзоланди.

Бундан кўзланган мақсад Россия ҳудудида ишлаш истагида бўлган Ўзбекистон фуқароларини ташкиллаштирилган ҳолда чиқиш жараёнларини соддалаштиришдан иборат.

Ўзбекистон томонидан ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Э.Мухитдинов, Россия томонидан “Паспорт-виза хизмати” ФДУК раҳбари ўринбосари П.Карповец ва "Кўп тармоқли миграция маркази" ДБМ бош директори С.Балдин имзоладилар.

Таъкидлаш жоизки, Россиянинг бу икки тузилмаси Москва ва Россия бўйлаб меҳнат фаолиятини амалга ошириш бўйича рухсатнома олиш учун комплекс хизмат кўрсатадиган ваколатли ташкилот ҳисобланади.

Икки томон давлат органлари ўртасида мазкур ҳужжатларнинг имзоланиши миграция жараёнларини тартибга солиш, Россияда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун керакли ҳужжатларни расмийлаштиришда Ўзбекистон фуқароларининг вақти ва ҳаражатларини қисқартиришга хизмат қиладиган миграция фронт-офисларини очишга имконият яратади. Шу билан бирга бунинг натижасида фуқароларимиз Россия Федерациясига жўнаб кетишдан олдин мазкуз ташкил хизматларининг бир қисмидан Ўзбекистон ҳудудида фойдаланиш мумкин бўлади.