Кореяга ишга жойлаштириш тизимидаги монополияга барҳам берилди!

11.06.2019

Корея Республикасида ишга жойлашиш истагида бўлган фуқаролар учун Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги корейс тилидан саралаш тест синови бўйича янги шаффоф тизимни жорий қилди.

Шу муносабат билан Вазирлик нохолис ва нотўғри талқинларнинг олдини олиш мақсадида ушбу вазиятга аниқлик киритиб, янги тизимнинг афзалликлари ҳақида қисқача тўхталиб ўтади. 

Ўзбекистон ва Корея меҳнат вазирликлари ўртасидаги Меморандумга мувофиқ, Кореяда ишга жойлашиш учун Ўзбекистон фуқаролари корейс тилини билиш даражаси бўйича икки босқичли – дастлабки ва асосий (EPS-TOPIK) тест синовларини ўтиши зарур. EPS-TOPIK тести Корея инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати (HRD) томонидан ўтказилади. Дастлабки тест синови эса яқин пайтгача Тошкент шаҳрида жойлашган фақат битта ташкилот томонидан ўтказиб келинган. Бу, ўз навбатида, монополия ҳолатини юзага келтириб, вилоятлик фуқаролар учун ноқулайлик ва ортиқча харажатларни келтириб чиқарган. 

Тест синовларини ўтказадиган ташкилот тест натижаларига кўра фуқаролар билимини баҳолаш кўрсаткичлари рейтингини юритмаган. Фуқароларни кейинги босқич тест синовларига танлаш масъулияти натижалар ҳаққонийлигини текшириб кўриш имкониятига эга бўлмаган Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги зиммасига юклатилган эди. Қолаверса, дастлабки тест синовининг саволлари ўзимизнинг олий таълим муассасалари саъй-ҳаракати билан Ўзбекистонда тузилиб, кореялик мутасаддилар томонидан қабул қилинадиган EPS-TOPIK саволлари билан боғлиқ эмас эди. Бу ҳолат фуқаролар учун ноқулайликни юзага келтирган.

Шу боис, саралаш тест синовлари тизими ношаффоф ва фуқароларга тушунарсиз бўлиб, бу ҳолат коррупция хавфи ва аҳоли норозилигини юзага келтираётган эди. Бундан ташқари, кореялик мутасаддилар томонидан Ўзбекистон фуқароларининг корейс тилини билиш даражаси пастлиги юзасидан қатор эътирозлар билдирилган. Кореялик мутасаддилар сифат даражасини ошириш ва дастлабки саралаш тизимидаги монополияни тугатиш юзасидан бир неча бор тавсиялар берган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 сентябрдаги қарори билан меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга кетувчи фуқаролар касбий малакаси ва тил билиш даражасини баҳоловчи марказларни аккредитациядан ўтказишнинг янги тизими жорий қилинди.        

Янги тартибга кўра, монополия тугатилиб, фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида республика ҳудудларида хориж тилини билиш бўйича тест марказларини ташкил этиш учун шароитлар яратилди. Корейс тилидан дастлабки тест синовлари борасида эса тест саволлари қайтадан тузилиб, EPS-TOPIK саволларига боғлиқ ҳолда ишлаб чиқилди. Муҳими, тест марказлари Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан тузилган ҳамда томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ваколатлари аниқ кўрсатилиб, белгилаб қўйилган шартнома асосида дастлабки тест синовини ўтказиш тизимида иштирок этишлари мумкин.

Тест марказлари тест синовидан энг яхши кўрсаткичларга (70 фоиздан бошлаб, энг юқори баллгача) эга фуқаролар рўйхатини мустақил тарзда аниқлаб, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига тақдим этади. Бунда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тест топширган фуқаролар орасидан исталган номзодни танлаб олиш асосида, шу жумладан, хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда тест натижалари ҳаққонийлигини текшириш ҳуқуқига эга. Он-лайн тартибда динамик рейтинг олиб борилиб, ҳар бир фуқаро ўзлари топширган тест натижаларини Вазирлик сайти орқали бемалол текшириб кўришлари мумкин.  

Янги тизим тест синовининг ҳаққонийлиги ва шаффофлиги учун томонлар масъулиятини ошириш, фуқароларни корейс тилини ўрганишга рағбатлантириш, шунингдек, тест синовларидан муваффақиятли ўтиш ва кейинчалик Кореяда ишга жойлашиш учун ягона мезон сифатида юқори билим даражасини ўрнатишга имкон беради.

Янги тизим жорий қилингунга қадар дастлабки имтиҳонларни топширган фуқаролар эса тест марказлари томонидан берилган малака сертификатига эга бўлса, динамик рейтинга киритилади.