Меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишда қонунчилик нормаларининг қўлланиш моҳияти
Меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишда қонунчилик нормаларининг қўлланиш моҳияти
Иш берувчи ва ходимлар ўртасидаги меҳнат муносабатларни тартибга солишда амалдаги қонунчилик нормаларни тўғри қўллаш улар ўртасида юзага келиши мумкин бўлган зиддиятларнинг олдини олиш учун хизмат қилади. Хусусан, мазкур мақолада меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишда иш берувчи ва ходим томонидан эътибор қаратилиши лозим бўлган энг муҳим ҳолатлар юзасидан сўз юритилади.
Иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилиш деганда нимани тушунамиз?
- технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги;
- ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши;
- ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузганлиги.
- ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузганлиги.
- ўриндошлик асосида ишламайдиган бошқа ходимнинг ишга қабул қилиниши;
- ходимда ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқининг пайдо бўлганлиги.
- корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса, бош бухгалтер вазифасини амалга оширувчи ходим билан тузилган меҳнат шартномаси мулкдорнинг алмашиши сабабли бекор қилинганлиги.
Меҳнат шартномаси бекор қилиниши ҳақида ходим қанча муддат олдин огоҳлантирилиши лозим ва тартиби қанақа ?
Иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида ходимни қуйидаги муддатларда ёзма равишда (имзо чектириб) огоҳлантириши шарт:
- камида икки ой олдин — меҳнат шартномаси технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги, корона мулкдори алмашганлиги муносабати билан, шунингдек ходимнинг пенсия ёшига тўлганлиги муносабати билан, қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи мавжуд бўлган тақдирда бекор қилинганда;
- камида икки ҳафта олдин – меҳнат шартномаси ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши муносабати билан бекор қилинганда.
- камида уч кун олдин – меҳнат шартномаси ходим айбли хатти-ҳаракатлар содир этганлиги муносабати билан бекор қилинган ҳолларда.
Огоҳлантириш муддатини қисқартириш мумкинми ?
Иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида ходимни камида икки ой олдин ёзма равишда (имзо чектириб) огоҳлантириши шарт.
Ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан мазкур огоҳлантириш унинг муддатига мувофиқ келадиган пуллик компенсация билан алмаштирилиши мумкин.
Меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга қанча муддатда меҳнат дафтарчаси берилиши лозим ?
Меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи ходимга унинг меҳнат дафтарчасини (Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 31 октябрдаги «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисидаги ПҚ-4502-сон қарори талаби асосида) ва меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бериши шарт.
Меҳнат шартномасини бекор қилишни расмийлаштириш тартибини биласизми ?
Меҳнат шартномасини бекор қилиш ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар томонидан амалга оширилади ва буйруқ билан расмийлаштирилади. Ходимнинг ташкилотдаги охирги иш куни меҳнат шартномаси бекор қилинган кун деб ҳисобланади.
Иш берувчининг буйруғида меҳнат шартномасини бекор қилиш асослари таърифига тўла мувофиқ ҳолда ёзилиб, норматив ҳужжатларнинг тегишли моддаси (банди) далил қилиб кўрсатилади.
Қайси ҳолатларда иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномаси бекор қилиш мумкин эмас ?
Ходим вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида ва таътилларда бўлган даврида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди (корхона бутунлай тугатилган ҳоллар бундан мустасно).
Жамоа келишуви ёки жамоа шартномасида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш учун касаба уюшмаси ёки ходимлар бошқа вакиллик органининг олдиндан розилигини олиш назарда тутилган бўлса, шартномани бундай розиликсиз бекор қилишга йўл қўйилмайди. Касаба уюшмаси қўмитасининг ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик бериш масаласи бўйича қабул қилган қарори тегишли тақдимнома олинган кундан бошлаб 10 кунлик муддатда иш берувчига ёзма равишда берилиши керак.
Иш берувчи касаба уюшмаси розилигини олгандан кейин 1 ойдан кечиктирмай меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақли.
Меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинганида ходимга қандай қўшимча кафолатлар қўлланилади ?
Иш берувчи 2 ойдан кечиктирмасдан маҳаллий меҳнат органига ҳар бир ходимнинг касби, мутахассислиги, малакаси ва меҳнат ҳақи миқдорини кўрсатган ҳолда, бўлажак ишдан озод қилиш тўғрисидаги маълумотларни ҳам маълум қилиши шарт. Шунга асосан, ходимлар меҳнат шартномаси бекор қилинган кундан бошлаб ўттиз календарь кун мобайнида маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтсалар, маҳаллий меҳнат органи берган маълумотномага биноан учинчи ой учун ҳам олдинги иш жойларидан ўртача иш ҳақи олиш ҳуқуқига эга бўладилар.
Фойдаланилмаган йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун тўловлар қандай ҳисобланади ?
Агар ходим меҳнат фаолияти давомида йиллик асосий ва қўшимча таътиллардан фойдаланмаган бўлса, меҳнат шартномаси бекор қилинганда унга фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация тўлаб берилади.
Меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинганида ходимга иш ҳақи қанча муддатда тўлаб берилади ?
Меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинганда ходимга тегишли иш ҳақи, унинг миқдори хусусида низо бўлмаса:
- меҳнат шартномаси бекор қилинган кунга қадар ишлаётган ходимга – меҳнат шартномаси бекор қилинган куни;
- меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ишламаётган ходимга – ҳисоб-китоб қилишни талаб этган куни тўланиши керак.
Меҳнат шартномаси ходимнинг ташаббуси билан бекор қилинганда унга тегишли иш ҳақи, унинг миқдори хусусида низо бўлмаса:
- огоҳлантириши шарт бўлган ходимга – ишни ташлаб кетишга ҳақли бўлган кундан кечиктирмасдан;
огоҳлантириши шарт бўлмаган ходимга, – ишдан кетган кунининг эртасидан кечиктирмасдан тўланиши лозим
Алоҳида тоифадаги ходимлар билан меҳнат шартномасини бекор қилишнинг ўзига хос хусусиятлари
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Қонуннинг
19-моддасидасига мувофиқ вазирларнинг ва давлат қўмиталари раисларининг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.