Мажбурий меҳнатга жалб этганлик учун жарима миқдори 10 карра оширилади
Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш учун белгиланган жарима миқдори 10 баробар оширилади. Бу ҳақидаги тузатишлар Сенат томонидан маъқулланди.
Меҳнатга бирон бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш учун жарималар миқдори сезиларли даражада оширилди. Шанба кунги 21-ялпи мажлисда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексга ўзгартириш киритиш тўғрисидаги қонун Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати томонидан маъқулланди.
Ҳозирда мазкур қонунбузарлик ҳолати учун жарима миқдори Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 51-моддасига мувофиқ ЭКОИҲнинг 1 баробаридан 3 баробаригача миқдорни ташкил этади. Янги тузатишлар жарима миқдорини ЭКОИҲнинг 10 баробаридан 30 баробарига қадар оширишни назарда тутган.
Шунингдек, ушбу модда худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилгани учун ЭКОИҲнинг 30 баробаридан 100 баробаригача миқдорда жарима солишни назарда тутувчи қисм билан ҳам тўлдирилмоқда.
Вояга етмаган шахсга нисбатан шундай ҳуқуқбузарлик содир этилган бўлса, ЭКОИҲнинг 30 баробаридан 50 баробаригача, бир йил давомида такрор содир этилган тақдирда – ЭКОИҲнинг 50 баробаридан 100 баробаригача миқдорда жаримага тортилади.
Мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳолати учун жарима миқдорини сезиларли даражада ошириш таклифини Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ўтган йилнинг кузида олиб чиққан эди.
Манба: Газета.уз