Мажбурий меҳнатга қарши курашиш давом этмоқда
Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича қатор салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Бунинг амалий натижаси ўлароқ, Президент қарори билан Давлат меҳнат инспекцияси ташкил этилди.
Шунингдек, Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ)нинг “Учинчи томон мониторинги” мутахассислари ва ҳуқуқ ҳимоячилари мажбурий меҳнат ҳолатларини ўрганиш ва мониторинг қилиш бўйича Ўзбекистонда мустақил фаолият юрита бошлади.
Жорий йилнинг октябрь ойида бир гуруҳ ҳуқуқ ҳимоячилари Сирдарё вилоятида бўлиб, туманларида намунали тарзда ташкил этилган “Ҳашарчилар шаҳарчалари”даги ҳолат билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар. Учрашув давомида теримчилар билан суҳбат уюштирилди, улар истиқомат қилаётган жой шароитлари кўздан кечирилди.
Фуқароларнинг айни йўналишга оид хабардорлигини ошириш мақсадида флаерлар каби тарғибот воситалари тарқатилди.
Бу каби амалий ишлар дунё ҳамжамияти томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Жумладан, 2019 йил 1-6 ноябрь кунлари юртимизга Малайзия бирламчи саноат вазирлиги делегацияси вакиллари ташриф билан бўлишди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистонда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар юзасидан фикр алмашиш ҳамда юртимизнинг бу борада қисқа муддатда тўплаган тажрибаси ўрганилди.
Шундай бўлса-да, ҳудудларда тизимли бўлмаган қонун бузилишлари учраб турибди. Давлат меҳнат инспекцияси вакиллари эса вазиятни ўрганиб, қонунбузарларни жаримага тортяпти.
Нукус шаҳар 1-сонли болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ҳамда Хўжайли туманидаги 31-умумтаълим мактаб раҳбарлари МЖтКнинг 51-моддаси 1-қисми билан жаримага тортилган. Улар ишчи ва хизматчи ходимларни пахта йиғим-терим ишларига мажбуран жалб этган.
Жиззах вилояти Арнасой тумани АТБ “Халқ банки” бошқарувчиси, ҳудуд Тиббиёт бирлашмаси бош врачи, Сувоқава ДУК Арнасой тумани филиали бошлиғи ҳам қўлостидаги ходимларни пахта теримига мажбуран йўналтиргани туфайли МЖтКнинг 51-моддаси 1-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробари қийматида жаримага тортилди.
Жиззах вилояти Дўстлик туманида жойлашган “Севдиёт” фермер хўжалиги раҳбарига теримчилар учун етарли шарт-шароитлар яратиб бермагани сабаб МЖтКнинг 49-моддаси 1-қисми билан маъмурий жарима қўлланилди.
Қашқадарё вилояти Миришкор тумани Ирригация бўлими бошлиғи ходимларни пахта йиғим терим вақтида бажарилмаган иш ҳажмлари учун пул маблағлари тўлаб берган. Бу ноқонуний ҳаракат МЖтКнинг 49-моддаси 1-қисми билан жаримага тортилди.
Қарши шаҳри “Обод” автотранс МЧЖ директори эса йўналиш бўйича йўловчиларни ташишни амалга оширувчи “Дамас” русумли автомобил хайдовчиларини уларнинг розилигисиз пахта далаларига теримчиларни ташишга мажбурлагани сабаб базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробари қийматида маъмурий жарима тўлайдиган бўлди.
Тошкент вилояти Оҳангарон тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари, Жиззах вилояти Зафаробод тумани Иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича ҳоким ўринбосари, айни вилоятнинг Мирзачўл тумани қурилиш ишлари бўйича ҳоким ўринбосари теримчилар учун етарли шарт-шароитларни яратмаганлиги сабабли маъмурий жаримага тортилди.
Бу қаторда Андижон вилояти Улуғнор тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари ҳам бор. У пахта териш учун келган ишчиларнинг ётоқ жойида етарли шарт-шароитларни яратмаган ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 7-10 баробари қийматида маъмурий жаримага тортилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шакли қонунга хилофдир! Агар Сизни пахта терими ёки бошқа бирор ишга мажбурлашса ёки шундай ҳолатга дуч келсангиз, Давлат меҳнат инспекциясининг 1176 қисқа рақамларига, dmi.mehnat.uz сайти ёки mehnathuquqbot Телеграм ботига мурожаат қилинг!