Маънавият - ўзликни англашдир

20.01.2021

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида куни кеча республикада маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Мазкур йиғилишда мени қувонтирган нарса, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев “Жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир” – дея,  маънавиятга берган юксак эътирофи бўлди.

Дарҳақиқат, ҳаётимизнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг самарадорлиги аввало халқ маънавиятининг тикланиши, бой тарихий меросимизнинг чуқур ўрганилиши, анъана ва урф-одатларимизнинг сақланиши, маданият ва санъат, фан ва таълим ривожи, энг муҳими, жамият тафаккурининг ўзгариши ва юксалиши билан узвий боғлиқдир.

Шу боисдан ҳам, ўз ҳақ-ҳуқуқини танийдиган, ўз кучи ва имкониятларига таянадиган, ён-атрофида содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга мустақил ёндаша оладиган, айни замонда шахсий манфаатларини мамлакат ва халқ манфаатлари билан уйғун ҳолда кўрадиган, ҳар жиҳатдан баркамол инсонларни тарбиялаш вазифаси истиқлол йилларида биз учун ҳал қилувчи масалага айланди.

Афсуски йиллар ўз ҳукмини ўтказиши бежиз эмас, бугунги тезкор замонда руҳиятимизда ўзгариш сезилди, ҳаётимизга интернет, телефон, турли хил ёт ғоялар, бузғунчи мафкуралар соя сола бошлади.

Ушбу йиғилишда кўтарилган масалалар шу куннинг оғриқ нуқтаси бўлди. Зотан, юртбошимиз “ҳозирги замонда маънавий нуқтайи назардан «ухлаб ётиш»га, лоқайд бўлишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Барча фожиа ва муаммолар, ватанга, миллатга, келажакка хиёнат айнан лоқайдликдан бошланади. Яна бир бор айтаман, дунёдаги қалтис вазият, сиёсий «ўйин»лар барчамизни сергакликка ундаши керак. Жаҳонда кечаётган геосиёсий ва мафкуравий жараёнларни чуқур таҳлил қилиб, улардан хулоса чиқарган ҳолда, йўлимизни тўғри танлашимиз зарур” – дея куйиниб гапирдилар.

Бугун дунёда манфаатлар тўқнашуви кучаймоқда. Инсоният учун беқиёс янги имкониятлар билан бирга кутилмаган муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда. Миллий ўзлик ва маънавий қадриятларга қарши таҳдид ва хатарлар тобора ортмоқда. Фақат ўзини ўйлаш, меҳнатга, оилага енгил қараш, истеъмолчилик кайфияти турли йўллар билан одамлар, айниқса, ёшлар онгига устамонлик билан сингдириляпти.

Давлатимиз раҳбари лоқайдлик ва бепарволик энг катта хавф эканини, бугун учраётган ижтимоий муаммоларни камайтириш учун нуронийлар тарбияси, жамоатчилик назорати етишмаётганини таъкидлади.

Йиғилишда қайд этилганидек, ижтимоий-маънавий муҳитни илмий асосда таҳлил қилишни даврнинг ўзи талаб этмоқда. Жамиятимизда маънавий-маърифий ишлар шундай асосда йўлга қўйилмагани учун ҳам кутилган натижани бермаяпти.

Шунингдек, маънавий-маърифий ишларнинг ягона тизимини яратиш, хусусан, ўғил-қизларни болалигиданоқ билимли ва фазилатли этиб тарбиялаш, бунинг учун мактабгача таълим муассасаларига методик ёрдам кўрсатиш муҳимлиги таъкидланди.

Агар кимдир, маънавият масаласи – бу фақат Маънавият маркази ёки тегишли вазирлик ва идораларнинг иши, деб ўйласа, хато қилади. Буларнинг барчаси олдимизда турган энг асосий, энг муҳим вазифалардан биридир, – деди Президент.

Маълумки, бугун дунёда кескин кураш ва рақобат ҳукм сурмоқда, манфаатлар тўқнашуви кучаймоқда. Глобаллашув жараёнлари инсоният учун беқиёс янги имкониятлар билан бирга кутилмаган муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда. Миллий ўзлик ва маънавий қадриятларга қарши таҳдид ва хатарлар тобора ортмоқда. Фақат ўзини ўйлаш, меҳнатга, оилага енгил қараш, истеъмолчилик кайфияти турли йўллар билан одамлар, айниқса, ёшлар онгига устамонлик билан сингдириляпти.

Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишга бағишланган видеоселектор йиғилиши ёшлар онгидаги бўшлиқ салбий мафкураларга тўлиб улгурмай, жамият маънан тўкис қашшоқлашмай туриб миллий руҳиятимизга ва миллий маънавиятимизга  расмий эътибор кучайганлигини амалий исботи бўлди.

Маънавий такомилга интилган инсон аввало ўзлигини англаб етмоғи лозим. Ўзликни англаш эса юртга фидойилик, миллатга садоқат, унинг анъаналари ва урф-одатлари, тамойилларини ҳурмат қилишнинг асосий пойдевори бўлади.

Гуллола ИСАКОВА,

Бандлик ва меҳнат муносабатлари

вазирининг маънавий-маърифий ишлар

ва давлат тилини ривожлантириш масалалари

бўйича маслаҳатчиси