Литвада оғир вазиятга тушиб қолган Ўзбекистон фуқаролари юзасидан Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг БАЁНОТИ
Интернет тармоғидаги турли ахборот каналларида “AMILEE BAHORA” хусусий бандлик агентлиги орқали хорижга ишга кетган Ўзбекистон Республикаси бир гуруҳ фуқароларининг Литва пойтахти Вильнюс шаҳрида қийин аҳволда меҳнат қилаётгани тўғрисида маълумотлар тарқалди.
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги мазкур ҳолатни ўрганиш мақсадида Вильнюсдаги фуқаролар билан боғланди. Вазиятни ўрганиш юзасидан ишлар давом эттирилмоқда.
Айни пайтда Агентлик Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасида захираланган маблағлар ҳисобидан жабрланганларга моддий ёрдам кўрсатиш, Литвадан қайтиш истагидаги фуқароларни Ўзбекистонга олиб келиш чораларини кўрмоқда.
Ушбу фуқароларни хорижга ишга жўнатиш мажбуриятларини тўлиқ даражада бажармаган “AMILEE BAHORA” хусусий бандлик агентлигига нисбатан белгиланган тартибда жазо чораларини кўриш, лицензияланадиган фаолият турини камчиликлар бартараф қилингунга қадар тўхтатиб туриш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Шу билан бирга, хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларимиздан меҳнат ҳуқуқлари бузилганда ёки оғир аҳволга тушиб қолганда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига 71 202-33-55 телефон рақами орқали мурожаат қилишлари сўралади.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига тўғридан-тўғри мурожаат қилиш муаммо манзилини имкон қадар тезроқ аниқлаш ва уни ҳал қилиш юзасидан тезкор чораларни кўришга ёрдам беради.