Ижтимоий тармоқларда Kun.uz телеграм канали орқали «Ходимлар розилигисиз ойликдан ушлаб қолишлар давом этяпти. Уларни ким ҳимоя қилиши керак?» сарлавҳаси остидаги хабар юзасидан расмий муносабат

20.10.2021

Ижтимоий тармоқларда Kun.uz телеграм канали орқали «Ходимлар розилигисиз ойликдан ушлаб қолишлар давом этяпти. Уларни ким ҳимоя қилиши керак?» сарлавҳаси остида мақола https://t.me/kunuzofficial/117824 эълон қилинган.

Унда ходимларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашда, шу соҳага масъул Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ёки Касаба уюшмалари федерацияси эмас, балки адлия органлари фаоллик кўрсатаётгани қонунлардаги механизмлар етарли даражада ишламаётганига ишора қилинган.

Давлат меҳнат инспекцияси меҳнат, меҳнатни муҳофаза қилиш  ва аҳоли бандлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этиш бўйича давлат назоратини олиб боради.

Хусусан, 2021 йилнинг 9 ойи давомида вазирликнинг Давлат меҳнат инспекциясига 19 019 та мурожаат келиб тушган.  Шундан, 10 808 таси қаноатлантирилган, 7 680 тасига тушунтириш берилган.

Мурожаатлар хусусиятлари бўйича 5 959 таси иш ҳақи ва бошқа тўловларни вақтида тўламаслик, 632 таси иш ҳақидан мажбурий ушлаб қолиш, 707 та ишга қабул қилишда қонун бузилиш холатлари, 682 та ишга қабул қилишни рад этилганлиги, 2097 ноқонуний ишдан бўшатилиши, 1566 та норасмий ишлатиш, 355 та меҳнат дафтарчаларининг юритилишидаги қонун бузилиши, 263 та иш вақтига риоя этилмаган ҳолат бўйича мурожаатлар
ўрганилиб ижобий ҳал қилинган.

Бундан ташқари, ишлаб чиқаришларда 558 та бахтсиз ҳодисалар содир бўлган бўлиб, унинг оқибатида 623 нафар ходим жабрланган бўлиб, мазкур бахтсиз ҳодисаларнинг барчаси белгиланган тартибда махсус текшириш комиссиялари томонидан текширилган. Текшириш жараёнида бахтсиз ҳодисаларни келиб чиқиш сабаблари аниқланиб, бахтсиз ҳодиса оқибатида жабрланган 623 нафар ишчи ва ходимларни қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилинди.

  Давлат меҳнат инспекцияси томонидан 20 469 та корхонада текширишлар ўтказилиб, 38 015 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган, ушбу қонунбузилишларни бартараф этиш бўйича 7 892 та ёзма кўрсатмалар ва 1 884 та тақдимномалар киритилди. Шунингдек, 8 936 нафар мансабдор шахсларга нисбатан 17 млрд сўмдан ортиқ миқдорида маъмурий жарималар қўлланилди.

Қонунбузилишлар соҳалар бўйича таҳлил қилинганда 7404 та ҳолатда халқ таълими тизимидаги ташкилот ва умумтаълим мактабларида, мактабгача таълим муассасаларида 6255 та, тиббиёт муассасаларида 2543 та, 2356 та ҳолатда қурилиш соҳасида, 1268 та ҳолатда қишлоқ хўжалигида, 767 та ҳолатда олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида, 679 та ҳолатда саноат корхоналарида, 504 та ҳолатда транспорт соҳасида ва 229 та ҳолатда савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналарида мансабдор шахслар томонидан ходимларнинг ҳуқуқлари бузилган.

Давлат мехнат иснпекцияси томонидан фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида суд органларига 1196 та даъво аризалар киритилган бўлиб, ишга тиклаш юзасидан 248 та, ишга қабул қилиш мажбуриятини юклаш бўйича 65 та, иш ҳақи ва бошқа тўловларни ундириш юзасидан 797 та, товон пулини ундириш ҳақидаги даъво аризалар 62 та бўлиб, 1061 та ҳолатда даъво аризалар қаноатлантирилган ҳамда ходимларнинг 3,5 млрд сўмдан ортиқ иш хаки ва унга тенглаштирилган бошка тўловлари ундирилган.

Шу билан бирга, жорий йилнинг пахта йиғим терими даврида Давлат меҳнат инспекцияси томонидан 10 мингдан ортиқ мониторинглар ўтказилган. Пахта йиғим терими даврида жами 78 та ижтимоий тармоқлар орқали мурожаат келиб тушган бўлиб, инспекция томонидан ўрганилиб тегишли муносабат билдирилган.

Давлат мехнат инспекцияси жисмоний ва юридик шахслар томонидан келиб тушаётган ариза ва мурожаатларни ўрганишдан ташқари, ижтимоий тармоқлардан келиб тушган хар битта хабарларни юзасидан ҳам ўрганишлар олиб бормоқда.

Бу борада, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг расмий сайтлари (http://www.mehnat.uz) телеграм канали (https://t.me/mehnatvazirligi), фэйсбук (https://www.facebook.com/www.mehnat.uz/) каналлари орқали расмий муносабатлар эълон қилиб борилади.

Меҳнат соҳасидаги қонунчилик устидан назорат ўрнатиш, фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Давлат меҳнат иснпекциясининг кундалик қиладиган иши бўлганлиги сабабли, бу борада амалга оширилаётган ишлар ижтимоий тармоқларда овоза (пиар) қилинмайди.

Маълумот учун: Мазкур мақолада Адлия органларининг аралашуви билан Андижон давлат тиббиёт институтида 743 нафар ходимнинг иш ҳақидан ҳашар учун деб ушлаб қолинган пуллар қайтарилди деб келтириб ўтилган. 

Ушбу ҳолат Андижон вилояти Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўрганилган бўлиб тиббиёт институти ректорининг 2021 йил 15 сентябрдаги 319-хш сонли буйруғига асосан ходимларининг иш ҳақларидан хашарга уларнинг розилигисиз ушлаб қолинганлиги маълум бўлган.

  Ўрганиш давомида, Адлия органларининг таклифи билан Андижон вилояти Давлат мехнат иснпекцияси томонидан Меҳнат кодекснинг 164-моддаси талаблари бузилганлиги сабабли, Институт ректори ҳамда бош ҳисобчисига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси 1-қисмига кўра маъмурий жарима таъсир чоралари қўлланилган.

Ҳурматли фуқаролар!

Агарда иш берувчилар томонидан Сизнинг меҳнат ҳуқуқингиз бузилаётган бўлса, Давлат меҳнат инспекциясининг 1176 қисқа рақамига, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 71-200-06-00 Ишонч телефонига ҳамда www.dmi.mehnat.uz сайтига ва “mehnathuquqbot” телеграм мессенджери орқали ўзингизнинг бузилган меҳнат ҳуқуқларингизни тиклаш учун мурожаат қилинг.

Эслатиб ўтамиз, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 19-моддасига мувофиқ жисмоний шахснинг илтимосига кўра унинг шахсига доир бирон-бир маълумот ошкор этилмаслиги кафолатланади.