ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚДАГИ МАҚОЛА ЮЗАСИДАН РАСМИЙ МУНОСАБАТ
«Дарё.уз» ижтимоий тармоғи орқали “Самарқандда мактаб ўқувчилари мажбурий меҳнатга жалб қилинди. Айбдорлар шунчаки ҳайфсан билан қутилиб қолмоқда” номи остида чоп этилган мақола юзасидан Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўрганиш олиб борилди.
Ўрганиш давомида, Самарқанд вилояти Тайлоқ тумани Халқ таълими бўлимига қарашли 13-умумий ўрта таълим мактаби директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари 2020 йил 5 декабрь куни 5 ва 8-синф ўқувчиларини мактаб ҳудудини ободонлаштириш ишларига жалб қилиб ҳашар ташкил этганлиги аниқланди.
Натижада, жорий йилнинг 29 январь куни Самарқанд вилояти Тайлоқ тумани Халқ таълими бўлимига қарашли 13-умумий ўрта таълим мактаби директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари МЖтКнинг 51 моддаси 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганлиги сабабли базавий ҳисоблаш миқдорининг 70 баробари (15 млн 610 минг сўм) миқдорида жаримага тортилди.
Азиз фуқаролар, иш берувчи ва мансабдор шахслар, эслатиб ўтамиз 2021 йил 12 февралдан бошлаб вояга етмаганларни мажбурий меҳнатга жалб қилганлик учун тўғридан тўғри жиноий жавобгарлик белгиланди (ЎРҚ-673 12.02.2021).
Юқоридаги каби хашарлар ўтказиш тартибига риоя қилинмасдан ташкиллаштирилган ободонлаштириш ишларига дуч келганингизда, Давлат меҳнат инспекциясининг 1176 қисқа рақамларига, 71-200-06-00 Ишонч телефонига ҳамда www.dmi.mehnat.uz сайтига мурожаат қилишингиз сўралади.
Мажбурий меҳнатга йўл қўйманг ва унинг қурбони бўлиб қолишдан огоҳ бўлинг!