“Ишга марҳамат” Мономарказ битирувчиларига маҳорат паспортлари топшириш маросими ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг Европа ва МДҲ минтақавий бюроси директори билан учрашув бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 16 июнь санасида Тошкент шаҳридаги «Ишга Марҳамат» Мономарказида БМТ Тараққиёт дастурининг Европа ва МДҲ минтақавий бюроси директори Мирьяна Сполярич Эггер, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири биринчи ўринбосари Эркин Муҳиддинов, БМТ Тараққиёт дастурининг қўшма лойиҳалари донорлари, Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ёшинори Фужияма ва Россия Федерациясининг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси маслаҳатчиси Вадим Митрофанов ва битирувчилар иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда қўшма ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди. Шунингдек, вазирлик ва БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда ёшлар бандлигига кўмаклашиш” лойиҳаси, ҳамда Наманган шаҳрида ишга туширилган янги “Фарғона водийсида пандемиядан кейинги иқтисодиётга аҳолининг кўникмаларини мослаштириш” лойиҳасининг натижаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Учрашув давомида касб-ҳунарга ўқитиш курсларини тамомлаган ва миллий экспертлар томонидан мустақил равишда баҳоланган 14 нафар битирувчиларига халқаро стандартларга мувофиқ маҳорат ва малакани тасдиқловчи “скиллс паспортлар” тақдим этилди.
Музокаралар чоғида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Мухитдинов, янги лойиҳа Ҳукумат томонидан Фарғона водийсида пандемиядан кейинги даврда касбий тайёргарлик ва аҳолининг малакасини ошириш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши кераклигини таъкидлади.
Шунингдек, тадбирга ташриф буюрган меҳмонлар учун «Ишга Марҳамат» Мономаркази бўйлаб экскурсия ташкил этилди ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда ёшлар бандлигига кўмаклашиш” лойиҳаси доирасида Япония ҳукуматининг молиявий кўмагида тикувчилик, дастурий таъминот ва эстетик косметология йўналишлари баҳолаш хоналари учун сотиб олинган ускуналар тақдимоти ўтказилди.