ГЕРМАНИЯДА ЎЗБЕКИСТОНЛИК ТИББИЁТ ХОДИМЛАРИГА ТАЛАБ ОШМОҚДА

22.01.2024

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев Фрайбург университети клиникаси бош директори, профессор Фредерик Венц билан учрашди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Германия ўртасида ташкилий, қонуний меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, Германияда вақтинчалик ишлаш истагидаги Ўзбекистон фуқароларини немис тилига ўқитиш ва уларни Германия ўқув стандартлари бўйича тайёрлаш борасида кенг кўламли ишларни жадаллаштириш ҳамда уларни Германияда ишлаш учун жалб қилиш бўйича ягона концепция ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.

Профессор Ф.Венц Германиядаги 11 мингта тиббиёт муассасаларида 10 мингдан ортиқ тиббиёт ходимлари етишмаслиги, кўп миқдорда ўзбекистонлик тиббиёт ходимларига эҳтиёж борлигини таъкидлади.

Шунингдек, тиббиёт муасасаларида ишлаш учун ошпаз, ҳайдовчи ва техник ходимларга ҳам талаб юқорилигини маълум қилди.

Учрашув сўнггида Фрайбург университети клиникаси билан ҳамкорликда Ўзбекистондаги тиббиёт ходимларини немис тилига ўқитиш ва Германия тиббий таълим стандартлари ва методологияси асосида уларни тайёрлаш ҳамда кадрларнинг малакасини оширишга ўзаро келишиб олинди.