ГЕРМАНИЯДА ИШЛАШ УЧУН КЕНГ ЙЎЛ ОЧИЛАДИ

27.09.2023
 
 
Айни пайтда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги делегацияси Германияда хизмат сафарида бўлиб турибди.
 
Кеча Берлин шаҳрида вазир Беҳзод Мусаев Федерал Ҳукуматнинг миграция масалалари бўйича махсус вакили доктор Йоахим Штамп билан учрашди.
 
Мазкур учрашувда Германиянинг Миграция масалалари бўйича махсус вакили идораси, Ички ишлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Меҳнат ва ижтимоий ишлар вазирлиги, Рақамли технологиялар ва транспорт вазирлиги, Бандлик агентлиги раҳбарлари иштирок этди. 
 
Доктор Йоахим Штамп мулоқот давомида Ўзбекистон Германия учун стратегик муҳим ҳамкор мамлакат эканлигини қайд этар экан, шу йилнинг 31 июль-3 август кунлари юртимизга қилган сафари, хорижда ишлаш истагидаги фуқароларимизнинг касб-ҳунар ва хорижий тилларни ўрганиши учун яратилган шарт-шароитларнинг юқори даражада ташкил этилгани борасида тўхталди.
 
Миграция ва мобиллик бўйича ҳукуматлараро битим лойиҳасини тайёрлаш босқичлари ва механизми муҳокама қилиниб, Вазирлик томонидан ишлаб чиқилган “Йўл харитаси” Германия томонига топширилди. Икки томон мазкур ҳужжатни 2024 йилнинг биринчи ярмига қадар имзолаш борасида келишиб олди.
 
Шунингдек, ҳукуматлараро битим лойиҳасини ишлаб чиқиш билан бир қаторда томонлар қуйидаги ҳамкорликка келишиб олишди. Ўзбекистон фуқаролари келгусида Германияда ишлаши учун саноат, тиббиёт, ахборот технологиялари, қурилиш ва немис тили курсларида махсус ўқитилади.
 
Биринчи босқичда Европа Иттифоқи қонунчилиги талабларига мувофиқ юк ва йўловчи ташиш учун ҳайдовчиларни мақсадли тайёрлаш бўйича тажриба лойиҳаси амалга оширилади. Бунда Германия томони кадрлар тайёрлаш стандартлари, автомактабларни жиҳозлаш мезонини ўрганиб, зарур моддий-техник базани таъминлашда ёрдам беради.
 
Иккинчи босқичда Ўзбекистонда немис тилини ўқитиш тизимини такомиллаштириш учун Германия томони ўзбекистонлик ўқитувчиларнинг малакасини ошириш ва ўқув-услубий базани шакллантиришда кўмак беради.
 
Учинчи босқичда касбий таълимнинг дуал тизими немис модели асосида аусбилдунг шаклида босқичма-босқич жорий қилиниб, 2024 йилнинг бошидан тажриба лойиҳаси кўринишида Тошкент ва Самарқанддаги “Ишга марҳамат” мономарказлари негизида жорий этилади.