ГЕРМАНИЯ БАНКИ ЎҚУВ МАРКАЗЛАРИ МОДЕРИНИЗАЦИЯСИГА ГРАНТ МАБЛАҒЛАРИ АЖРАТАДИ

18.11.2023

Пойтахтимиздаги Халқаро бизнес марказида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Германиянинг КфW тараққиёт банки ҳамкорлигидаги молиявий битимни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Унда Германия Федератив Республикаси ҳамда Германиянинг КфW тараққиёт банки расмий вакиллари, юқори мартабали экспертлари ва кўплаб соҳага доир маҳаллий мутахассислар иштирок этишди.

Ушбу келишувдан кўзланган асосий мақсад, касб-ҳунарга ўқитиш тизимини янада ислоҳ қилиш ҳисобланади.
Лойиҳа доирасида вазирлик тизимидаги ўқитиш марказларини меҳнат бозори талабларига мос ҳолда иш берувчиларнинг таклифига кўра, дуал таълим шаклида, моддий-техникавий ва методологик жиҳатдан модернизация қилиш кўзда тутилган.

Битимга мувофиқ касб-ҳунарга ўқитиш соҳаси ривожи учун 16 миллион евро миқдорида грант ажратилади.
Шундан 14 миллион евро Вазирлик тизимидаги 7 та ўқув марказларини моддий-техникавий ва методологик жиҳатдан модернизация қилиш учун, қолган 2 миллион евро эса лойиҳани қўллаб-қувватлаш учун сарфланади.

Юқори савияда ўтган тадбирда келгусида ушбу соҳани янада ривожлантириш, аҳолини замонавий касбий кўникмаларини мустаҳкамлаш, ишчи кучи сифати ва рақобатбардошлигини ошириш бўйича ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларига тўхталиб ўтилди.