Энди меҳнат дафтарчаси ва меҳнат шартномаси электрон шаклда тўлдирилади

19.12.2019

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 31 октябрдаги «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида ПҚ-4502-сонли қарорида 2020 йил 1 январдан «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексини жорий этиш белгиланган.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексини бошқариш дирекцияси ташкил этилиб, малакали мутахассислар ишга жалб қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 5 декабрдаги 971-сонли «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплекси жорий қилинишини ва унинг ишлашини таъминлашга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида» қарори талабларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан Дирекция негизида вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларнинг масъул ходимлари учун «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексидан фойдаланишни ўргатиш бўйича семинар-тренинглар ташкил этиб келинмоқда.

Хусусан, ташкил этилган семинар-тренингларда қарийб 1,2 миллион нафар ишчи ходимига эга бўлган 144 та вазирлик, идора, тижорат банклари ҳамда бошқа ташкилотларнинг ходимлар билан ишлаш масаласи ва ахборотлаштириш (АТМ) бўйича маъсул раҳбар ходимлари иштирок этишди.

Бундан ташқари, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Молия вазирлиги, Ўзбекгидроэнерго” АЖ, “Ўзкимёсаноат” АЖ, “Ўзбекнефтгаз”АЖ, “Discover invest” МЧЖнинг ташаббусига асосан Дирекция томонидан жойлардаги ходимлар билан ишлаш масаласи бўйича масъул раҳбар ходимларига «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексидан фойдаланиш кўникмаларини ўргатиш юзасидан семинар-тренинглар ташкил этилди ва бу ишлар давом этмоқда.

Шунингдек, мазкур Дирекция томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бандлик Бош бошқармаларда ташкил этилган меҳнат стандартлари ва меҳнатга ҳақ тўлаш бўлимларига қабул қилинган барча номзод ходимлар учун «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплекси билан ишлаш бўйича ўқув-семинар машғулотлари ташкил этилди.

Ҳозирда Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари масъул ҳодимлари ҳам «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексидан фойдаланиш кўникмаларини ўргатиш юзасидан жойлардаги хўжалик юритувчи субъектларга семинар-тренинглар ўтказилмоқда.

«Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорнинг 3-бандига мувофиқ 2020 йил 1 январдан бошлаб янги меҳнат шартномаларини тузиш, амалдаги меҳнат шартномаларига ўзгартириш киритиш, шунингдек, уларни тугатиш ҳолатларини «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексида мажбурий рўйхатдан ўтказиш тартиби жорий этилади. Бунда 2020 йил 1 январга қадар тузилган амалдаги меҳнат шартномалари 2020 йил 1 сентябрдан кечиктирмасдан «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексида рўйхатдан ўтказилиши шарт. Меҳнат шартномаларини «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексида рўйхатдан ўтказиш белгиланган тартибда иш берувчи томонидан амалга оширилади.

2020 йил 1 январдан бошлаб, рўйхатдан ўтказиладиган меҳнат шартномаларидаги маълумотлар асосида «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексида автоматик тарзда шакллантириладиган ходимнинг меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олувчи электрон меҳнат дафтари жорий этилади.

«Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплекси қуйидаги имкониятларни беради:

– Меҳнат шартномаларини электрон шаклда рўйхатдан ўтказиш (ўзгартиришлар киритиш, меҳнат шартномаларини бекор қилиш);

– Иш берувчилар таркиби (штат жадвали) бўйича электрон маълумотлар базасини яратиш;

– Электрон меҳнат дафтарчасида фуқароларнинг меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотларни яратиш;

– Ходимларнинг миқдорий ва сифат таркиби, бўш иш ўринлари тўғрисида объектив, ошкора маълумотларни яратиш.

Меҳнат муносабатларини рўйхатдан ўтказишда «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексидан фойдаланиш ташкилий-ҳуқуқий шакли ва идоравий бўйсунишидан қатъи назар, барча иш берувчилар учун мажбурийдир.

«Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексидан фойдаланиш барча юридик ва жисмоний шахслар учун бепулдир.

 

223 

224 

226 

229 

222 (1)