Вояга етмаган шахсни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун тўғридан-тўғри жиноий жавобгарлик белгиланди

16.02.2021

Бугунги кунда одам савдоси қурбонларини аниқлаш, ҳимоя қилиш ва ижтимоий реабилитация қилиш, шундай жиноятлар қурбонига айланган фуқароларга тиббий, психологик ва бошқа ёрдам кўрсатиш, одам савдосига алоқадор шахсларни тергов қилиш ва жавобгарликка тортиш, шунингдек, бундай жиноятларни содир этишга имкон бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича таъсирчан чоралар кўрилмоқда.

Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси томонидан мамлакатимизда вояга етмаган шахслар манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш, уларни мажбурий меҳнатга, тақиқланган ёки ғайриқонуний бирлашмалар фаолиятига жалб қилиш ҳамда вояга етмаганлардан шаҳвоний мақсадларда фойдаланиш ҳолатларига чек қўйиш ва бундай ҳаракатларни содир этганларнинг жавобгарлигини сўзсиз таъминлашда қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 12 февралдаги №ЎРҚ-673-сон “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонуни ушбу тизимли чораларнинг мантиқий давоми ҳисобланади.

Мазкур Қонунда вояга етмаган шахслар манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш мақсадида вояга етмаган шахсни меҳнатга бирор-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун тўғридан-тўғри жиноий жавобгарликка тортилиши белгиланди.

Шунингдек, вояга етмаган шахсни Ўзбекистон Республикасида ғайриқонуний жамоат бирлашмалари ва диний ташкилотлар, оқимлар, секталар фаолиятида қатнашишга ундаш учун жиноий жавобгарлик белгиланди. Бу эса вояга етмаган шахсларни ғайриқонуний жамоат бирлашмаларига жалб қилиш учун кескин чоралар кўриш орқали вояга етмаганларнинг мазкур жиноятлар қурбони бўлиши хавфининг олдини олишга, улар манфаатларининг давлат томонидан кафолатли ҳимоялашни янада кучайтиришга хизмат қилади.

Мазкур Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши одам савдосидан жабрланган фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш, шу тариқа халқаро майдонда давлатимиз нуфузи ошишига, бу борада амалга оширилаётган ишлар тўғрисида холис ва тўғри маълумотларни кенг жамоатчилик ҳамда халқаро ҳамжамиятга етказишга ёрдам беради.