“Cotton Campaign” халқаро коалицияси вакиллари Ўзбекистон Республикасига ташриф буюради
Жорий йилнинг 27 январь – 6 февраль кунлари “Cotton Campaign” халқаро коалициясининг юртимизга ташрифи режалаштирилган. Ташриф давомида халқаро коалиция вакиллари Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда қатор ташкилот ва идора раҳбарлари билан учрашади. Бу қандай ташкилот ва унинг билан ҳамкорлик Ўзбекистон учун нима сабабдан муҳим?
Cotton Campaign – бу меҳнат ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, инвестор ва бизнес-ташкилотларининг халқаро коалицияси бўлиб, унинг мақсади пахта етиштириш жараёнини болалар меҳнати ҳамда мажбурий меҳнатдан буткул холи этишдир.
Коалиция Ўзбекистон ҳамда Туркманистон давлатларининг пахта маҳсулотларини жаҳонга машҳур текстил ва тайёр кийим ишлаб чиқарувчи компаниялар томонидан бойкот қилиниши ташаббускоридир.
“Cotton Campaign” коалицияcи таркибига дунёга машҳур (Nike, Zara, GAP, Levi’s, H&M, UNIQLO ва ҳ.к.)ишлаб чиқарувчилар вакиллари, ритейлер ҳамда касаба уюшмалари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар, АҚШ мода саноати ассоциацияси, АҚШ меҳнат федерацияси ҳамда қатор бошқа ташкилотлар киради.
Юртимизга ташриф давомида коалиция вакилларининг Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан амалга оширилаётган ишларни ўрганиб чиқиши режалаштирилган.
2019 йилда Ўзбекистонда пахта йиғим-терими мавсумида мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатларига чек қўйиш мақсадида тизимли ишлар олиб борилди. Айбдорлар, айниқса мансабдор шахсларга қатъий жазо чоралари кўрилди.
Биргина 2019 йил мисолида олиб қарайдиган бўлсак, айнан пахта терими мавсумида бир қанча мансабдор шахслар мажбурий меҳнатга жалб қилиш ва теримчиларга меҳнат шароитларини яратмаганлик учун жаримага тортилган. Уларнинг қаторида 3 нафар туман ҳокими, 15 нафар туман ҳокими ўринбосарлари, шунингдек, республиканинг барча ҳудудларда туман молия, бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси, ирригация, тиббиёт, кадастр бўлимлари, банк идоралари, Сувоқава ДУК, Ободонлаштириш бошқармалари, “Ёшлар иттифоқи” Кенгаши, фермер хўжаликлари раҳбарлари бор. Бундан ташқари йўл қўйган камчиликлари сабаб 2 нафар туман ҳокими эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
Умуман олганда, 2019 йил давомида Бандлик ва меҳнат муносабатлари Давлат меҳнат инспекциясининг мурожаат каналлари (1176 қисқа рақамли ишонч телефони, “www.dmi.mehnat.uz” сайти, @mehnathuquqbot телеграм боти)га мажбурий меҳнат билан боғлиқ 1282 та хабар келиб тушган. Ўрганишлар уларнинг 259 тасида ҳақиқатан ҳам фуқаролар мажбурий меҳнатга жалб этилганини, шунинг 118 таси пахта терими мавсумида рўй берганини аниқлади. Айбдорлар жавобгарликка тортилиб, уларга 772 миллион сўм миқдорида жарималар тайинланган.
Шунингдек, 2019 йил пахта йиғим-терими вақтида Давлат меҳнат инспекцияси томонидан 2979 маротаба мониторинг ўтказилган. Натижалар эса 3060 нафар фуқаронинг мажбурий меҳнатга жалб этилганини кўрсатди. Айбдорлар қонунда кўрсатилган тарзда жавобгарликка тортилган.
Шу билан бирга, Давлат меҳнат инспекцияси томонидан мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ва унга келгусида йўл қўймаслик мақсадида Республика ва вилоят ташкилотлари раҳбарлари номига жами 225 та ёзма кўрсатма, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва барча вилоят ҳокимлари номига 13 та огоҳлантириш ҳамда 80 та вазирлик ва идораларга тақдимномалар киритилди.
Мазкур жараёнларнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида пахта мавсумида мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ)нинг “Учинчи томон мониторинги” мутахассислари ва ҳуқуқ ҳимоячилари билан мажбурий меҳнат ҳолатларини ўрганиш ва мониторинг қилиш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилди. 2019 йилнинг октябрь ойида бир гуруҳ ҳуқуқ ҳимоячилари Сирдарё вилоятида бўлиб, туманларда намунали тарзда ташкил этилган “Ҳашарчилар шаҳарчалари”даги ҳолат билан яқиндан танишди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, пахта йиғим теримига 21 минг ишсиз фуқаро мавсумий ишга жалб қилинди.
Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга тўлиқ барҳам бериш 2019 йил учун устувор вазифалардан этиб белгиланганди. Айнан шу сабаб йил давомида айни йўналишда янги механизм ва тизим асосида ишлар олиб борилди. Мазкур фаолият эндиликда ҳам давом этади.