Бюджетдан ажратилган маблағ мақсадли ишлатилиши керак!

21.02.2024

Кенгайтирилган yig‘ilishda асосий эътибор Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, Бош прокуратура билан биргаликда 2024-йилда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги тизимига ажратилган буджет маблағларини назорат қилиш ва самарали ишлатиш масаласига қаратилди.

Таъкидланганидек, тизим ташкилотлари томонидан буджет маблағларини самарасиз ишлатиш бўйича камчиликларга йўл қўйиш ҳолатлари аниқланган. Йиғилишда бу борада аниқ мисоллар келтирилиб, Мақсадли жамғармалар раҳбарлари қаттиқ огоҳлантирилди. Масалан, жамғармалардан хорижга ишлашга кетувчилар учун ажратиладиган субсидиялар сохта ҳужжатлар билан бошқа шахсларга йўналтирилган ҳолатлар аниқланган. Тизимда шу ва шунга ўхшаш бир қатор қонун бузилишларга йўл қўйилган.

Айни омиллардан келиб чиқиб, барча тизим ташкилотлари жорий йилда ҳалол ва виждонан ишлаши, асосий мақсади халқимиз учун муносиб хизмат қилиш эканлиги эслатиб ўтилди.

Шундан келиб чиқиб, жорий йилнинг 12-февралида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, Бош прокуратура, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан имзоланган Қўшма қарор ижроси сўзсиз таъминланиши лозимлиги таъкидланди.

Шунингдек, йиғилиш давомида Касбга ўқитиш марказлари фаолиятини жонлантириш, иш берувчилар ва касбга ўргатувчилар ўртасида ўзаро интеграцияни яхшилаш ҳамда "Ишга марҳамат" мономарказлари битирувчиларининг ҳисобини юритиб бориш, уларнинг ишга жойлашиши билан боғлиқ ҳолатларни ҳам назардан қочирмаслик, ҳар томонлама кўмаклашиш кераклиги таъкидланди.

Қолаверса, йиғилишда иш қидириб юрган аҳоли вакилларини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган, яхши маошли, замонавий ва истиқболли касбларга интерфаол услубда ўқитиш ва касбга йўналтириш бўйича масъулларга вазифалар юклатилди.