Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш кунида долзарб масалалар муҳокама этилди

31.07.2019

2019 йил 30 июль Тошкент шаҳридаги “Radisson Blu” меҳмонхонасида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕҲХТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) томонидан Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш кунига бағишланган “Одам савдоси қурбонларини ўз мамлакатига қайтариш жараёнида инсон ҳуқуқларига риоя этилиши бўйича етакчи тамойиллар” мавзусидаги ўзбек тилидаги нашрнинг тақдимоти ўтказилди.

Учрашувдан кўзланган асосий мақсад одам савдосига қарши курашиш ва одам савдоси қурбони бўлган ва ундан жабрланганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида Ўзбекистоннинг эришган натижаларини муҳокама қилиш, шунингдек, ЕҲХТ ДИИҲБнинг одам савдоси қурбонларини қайта йўналтириш миллий тизимини ривожлантириш бўйича тавсиялар тақдимотини ўтказишдан иборат бўлди.   

Тадбир давомида Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни муносабати билан брифинг ташкил этилди. Брифингда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқов маъруза билан қатнашди.

Б.Умрзоқов ташқи меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш ва хориждаги ўзбекистонлик мигрантларга муносиб меҳнат шароитларини таъминлаш бўйича Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида кенг жамоатчиликни хабардор қилди.    

Меҳнат миграцияси даврида вафот этган 86 нафар Ўзбекистон фуқаросининг жасадини қайтариш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси томонидан қопланганлиги таъкидлаб ўтилди.

Қолаверса, хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида оғир молиявий аҳволга тушган ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз, тирикчилик учун маблағсиз қолган 6 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқаросини қайтаришга ёрдам кўрсатилди.

Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг ҳудудлардаги Чет эл фуқароларини вақтинчалик ушлаб туриш марказларида бўлиб келган 1198 нафар ўзбекистонлик фуқарони ватанга қайтариш бўйича Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан олиб борилган тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди.

Брифинг давомида ташқи меҳнат миграцияси тизимини янада такомиллаштириш мақсадида хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун фуқароларни уюшган тартибда юбориш бўйича Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан халқаро битимлар тузилаётгани ҳам қайд этилди.

Тадбир якунида одам савдосига қарши курашиш соҳасида чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси вазирликлари ва идоралари фаолияти натижалари сарҳисоб қилинди.

1 (11)