Сахарова номидаги “Кўп тармоқли миграция маркази”нинг Ўзбекистонда филиали очилди
Бугун “Ишга марҳамат” Мономарказида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси М.Хайриддинов, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Ҳусанов, вазирнинг биринчи ўринбосари Э.Мухитдинов, Россия Федерацияси Москва шаҳри ҳукумати вазири К.Пуртов, Москва шаҳри "Кўп тармоқли миграция маркази" бош директори С.Балдин иштирокида “Кўп тармоқли миграция маркази”нинг Ўзбекистондаги филиалининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Маълумки, Россия Федерацияси ҳудудида ишлашда талаб этиладиган патентни расмийлаштириш меҳнат мигрантларидан ортиқча вақт ва харажат талаб этади, бироқ мазкур марказ филиалининг Ўзбекистонда очилиши эса Россияда ишлаш истагидаги фуқаролар учун қатор қулайликлар яратади.
Эндиликда, “Кўп тармоқли миграция маркази”нинг Ўзбекистондаги филиали орқали патент учун талаб этиладиган ҳужжатларнинг аксарият қисми Ўзбекистонда амалга оширилади.
Россияда ишлаш истагида бўлган фуқароларни танлаш, касбий малакасини баҳолаш, иш берувчилар билан суҳбатлар ўтказилишини ташкил этиш, ушбу давлатга кириш ва меҳнат фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ тақиқларни текшириш, меҳнат мигрантларига ишга жойлашиш, ишлаш учун рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш, пандемия билан боғлиқ чекловларни инобатга олган ҳолда мамлакатда бўлиш тартиблари бўйича консултация, шу билан бир қаторда уларнинг Россияга кириб боришига кўмаклашиш ва мавжуд вакансиялар ҳақида маълумотлар бериш каби хизматлар амалга оширилади.
Хусусан, Россияда ишлаш истагидаги фуқаро ушбу филиалда бирламчи ҳужжатларни тўлдириб, Москва шаҳридаги “Кўп тармоқли миграция маркази”га топширади ва тезлаштирилган тартибда патент олиш имкониятига эга бўлади.
Шунингдек, келгусида ушбу филиал фаолиятини кенгайтириш бўйича ишлар олиб борилиши режалаштирилган.
Маълумот ўрнида қайд этиш лозимки, Сахарова номидаги “Кўп тармоқли миграция маркази”нинг асосий фаолияти Москва шаҳри ва вилоятида ишлаш истагидаги чет эллик фуқаролар учун патент расмийлаштириш хизматини кўрсатади. Жумладан, Россия Федерациясининг қатор ваколатли ташкилотлари билан меҳнат миграцияси масалалари юзасидан ўтган йилнинг 20-24 декабр кунлари ушбу мамлакатга амалга оширилган ташриф доирасида марказ раҳбарияти билан ҳам музокаралар ўтказилган. Унинг филиалини Ўзбекистонда очиш бўйича келишувга эришилиб, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Москва шаҳридаги Сахарова номидаги “Кўптармоқли миграция маркази” билан битим имзоланган эди.