Баёнот

06.05.2019

2019 йил 3 май куни “Озодлик” ахборот хизматига Наманган вилояти ҳудудидан келиб тушган “Меҳнат вазирлиги банклар олдига ноқонуний талаб қўйди” сарлавҳали мурожаатга Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги қўйидагича изоҳ берди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 июндаги "Ҳар бир оила - тадбиркор" дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги 3777-сон қарори билан аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга имтиёзли кредитлар ажратиш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва амалга оширишнинг ҳар бир босқичида мутасадди идоралар томонидан тизимли амалий ёрдам кўрсатилишини таъминлаш белгилаб берилган. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Адлия вазирлиги билан биргаликда мазкур дастур доирасида кредитлар ажратиш тартиби ишлаб чиқилиб, Вазирлар Махкамасининг 3022-сонли Низоми билан тасдиқланган. Унга кўра кредитларни расмийлаштириш ва бериш тартиби умумлаштирилган ҳолда қуйидаги кўринишга эга:

Агар қарз олувчи жисмоний шахс бўлса, кредит олиш учун банкка фақатгина 3 та ҳужжат тақдим этади. Булар:

  1. Ариза;
  2. Паспорт нусхаси;
  3. Жисмоний шахсларга кредит қайтарилишининг таъминоти сифатида ҳудуд сектор раҳбарининг имтиёзли кредитлаш бўйича тавсияномаси;

Бунда тижорат банклари кредитнинг қайтмаслик хатарини суғурталаши белгилаб берилган.

Кўриниб турибдики, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тижорат банклари жисмоний шахслардан кредит олиш мақсадида ёздириб олаётган тилхат ва ҳужжатлар  “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури ва Низомида белгиланмаганлиги ва жисмоний шахсдан талаб қилиш асоссиз эканлигини маълум килади.

Шунингдек, мурожаатда “кредитлар кимга, қанча миқдорда, қайси таъминотчига ажратилгани тўғрисидаги маълумотни Меҳнат вазирлиги сайтига жойлашни талаб қилишаяпти” айтиб ўтилган ва бунга жавобан қуйидагиларни маълум қилади:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Наманган вилояти ва туман (шаҳар)ларда Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш марказлари ташкил этилган бўлиб, “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида тизимли назорат механизмини ва ягона бошқарув ахборот базасини яратиш учун http://otrm.mehnat.uz/ махсус ягона ахборот портали ишлаб чиқилди. Республика ички ишлари ва Давлат солиқ қўмитаси базаси билан интеграция қилинган бу комплекс ахборот портал ОТР марказ (фронт офис)ларига ўрнатилган бўлиб, кредит олувчилар ўз шахсий кабинети орқали сўровномаларни автоматик тўлдириш билан бирга, фуқароларга қулайлик яратиш имконини беради. Ушбу ягона ахборот комплекс банк сирини ташкил этувчи маълумотларни оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилмайди. Бу ахборот порталига кириш ҳуқуқи ОТР марказининг белгиланган ходимларигагина берилган бўлиб, улар Ўзбекистон Республикасининг “Банк сири тўғрисида”ги Қонуннинг 5-6-моддаси “Банк сирининг ошкор қилинишини тақиқлаш” банди билан таништирилган.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури ижросини сифатли ташкил этиш, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш доирасида халқимиз учун ажратилган маблағларни ўзлаштиришни самарали ташкил этиш ҳамда очиқ, осон ва шаффофлилигини таъминлаш борасидаги фаолиятини фаол давом эттиради.