Бандликни таъминлаш миллий стратегияси бўйича Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда Форум ўтказилди

10.09.2019

2019 йил 10 сентябрь Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Халқаро меҳнат ташкилоти ташаббуси билан “Ўзбекистонда бандликни таъминлаш миллий стратегияси йўлида” номли Форум бўлиб ўтди.

Тадбирда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Мухитдинов, “Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ёшлар бандлиги соҳасидаги ҳамкорлик” лойиҳаси раҳбари Рамиро Пизарро, халқаро эксперт Янатул Ислам, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раис ўринбосари Бахтиёр Махмадалиев, Ўзбекистон савдо-саноат палатаси вакили Ф.Омонов, тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Форумдан кўзланган асосий мақсад 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасида турган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий вазифаларни самарали ҳал этиш, шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган комплекс чора-тадбирларни тизимли йўлга қўйиш мақсадида бандлик миллий стратегиясини ишлаб чиқиш борасидаги ишлар хусусида соҳа мутахассислари ва халқаро тажрибага эга экспертлар билан фикр алмашишдан иборат бўлди.

Форум давомида халқаро эксперт Янатул Ислам “Бандликка йўналтирилган макроиқтисодий сиёсат: Ўзбекистон мисолида” тақдимоти билан қатнашиб, Ўзбекистоннинг меҳнат бозоридаги ҳолати ва иқтисодий кўрсаткичлари таҳлилини келтирди. Шунингдек, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Мухитдинов миллий бандлик стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича бошланган ишлар ҳақида маъруза қилиб, Ўзбекистонда меҳнат соҳаси бўйича сўнгги йилларда бажарилган амалий ислоҳотларга алоҳида тўхталиб ўтди.

Форум якунида “Ўзбекистонда муносиб меҳнат Давлат дастурини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш” лойиҳасининг бош техник маслаҳатчиси Антон Хаузеннинг хизмат муҳлати якунлангани муносабати билан унга самарали ҳамкорлик учун Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан алоҳида миннатдорчилик билдирилди.

1 (15)

2 (12)

3 (9)     

5 (5)

4 (5)