Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида Халқаро миграция ташкилоти билан учрашув бўлиб ўтди

18.03.2021
Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси М.Хайриддинов, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирнинг биринчи ўринбосари Э.Мухитдинов ва ХМТнинг Марказий Осиё бўйича субрегионал координатори З.Гаджиев иштирок этди.
Учрашувда мигрантларга ёрдам кўрсатиш, миграция оқимини тартибга солишнинг ҳуқуқий механизмларини ишлаб чиқиш бўйича Ўзбекистон билан ХМТ ўртасидаги муносабатлар, шу билан бир қаторда, Тошкентда ХМТнинг ваколатхонасини очиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, чет элда вақтинча ишлаш мақсадида юбориладиган меҳнат мигрантлари учун касблар ва жўнаб кетиш машғулотлари (тил ўрганиш, мамлакатдаги тарихий ва маданий мерос ҳақида билим олиш ва бошқалар) тўғрисида фикрлар алмашилди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда Ўзбекистонда миграцияни бошқариш ва меҳнат мигрантларини ҳимоя қилиш соҳасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Туркия, Япония ва Бирлашган Aраб Aмирликлари билан меҳнат миграцияси бўйича ҳукуматлараро шартномалар тузилди. Чет элда ишлаётган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун алоҳида жамғарма ташкил этилди.

Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) эса айнан шу мақсадли дастурларни шакллантириш ва уларни муваффақиятли амалга ошириш учун ишлаб чиқилган бўлиб, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизими билан ишлашда муҳим аҳамиятга эга воситачидир.