Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Германиянинг “Mangold Consulting Gmbh” компанияси ўртасида учрашув бўлиб ўтди
Унда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Мухитдинов бошчилигидаги ишчи гуруҳ ҳамда компания раиси, профессор Клаус Мангольд ва бошқарувчи директор, доктор Кристоф Мангольд иштирок этди.
Суҳбат аввалида Клаус Мангольд мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, халқаро ҳамжамият ва Европа Иттифоқига аъзо мамлакатларнинг ривожланаётган Ўзбекистонга қизиқиши тез суръатлар билан ўсиб бораётганини ва Германия ҳам бундан мустасно эмаслигини айтиб ўтди.
Тадбирда Э.Мухитдинов вазирлик ва Германия ўртасидаги муносабатлар мутлақо янги даражага кўтарилганлигини, бунга мисол сифатида ижтимоий соҳа, хусусан, мутахассисларни тайёрлаш орқали ишсизликни камайтириш ва бандликни таъминлашга қаратилган тадбирларни амалга ошириш мақсадида Германия тараққиёт банки (КфW) билан яқин алоқалар ўрнатилаётганлигини таъкидлади.
Шунингдек, тадбир давомида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини мустаҳкамлаш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, ташқи меҳнат миграцияси ва касб-ҳунарга ўқитиш соҳаларини ривожлантириш, бундан ташқари мажбурий меҳнатга қарши курашиш масалалари хусусида ҳам сўз юритилди.
Таъкидлаш жоизки, бундай учрашувлар келгусида Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада яхшилашга хизмат қилади.
(Маълумот ўрнида айтиш лозимки, 2019 йил октябрь ойида Манголд Cонсултинг раҳбари билан учрашув бўлиб ўтган эди, бироқ CОВИД-2019 пандемияси туфайли бу ҳамкорлик вақтинча тўхтатилган эди).