БАНДЛИК ВА МЕҲНАТ МУНОСАБАТЛАРИ ВАЗИРЛИГИ ТОМОНИДАН ЁШ МУТАХАССИСЛАРНИ ТАНЛАШ ДАСТУРИ

28.09.2022


                                                                      БАНДЛИК ВА МЕҲНАТ МУНОСАБАТЛАРИ ВАЗИРЛИГИ ТОМОНИДАН
                                                                                             ЁШ МУТАХАССИСЛАРНИ ТАНЛАШ
                                                                                                                ДАСТУРИ

Ўзбекистон Республикасидаги Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (кейинги ўринларда - вазирлик) томонидан “Ёш мутахассисларни танлаш” дастури (кейинги ўринларда - Дастур) Олий таълим муассасаларининг (кейинги ўринларда - ОТМ) битирувчи курсида ўқиётган қобилиятли ёшларни саралаб олиш, уларнинг стажировкасини ташкил этиш ва кейинчалик захирага киритиш бўйича комплекс чора-тадбирларни назарда тутади.
Дастур мақсади - давлат хизматига энг муносиб кадрларни танлаш ва истиқболли кадрларни тайёрлашни тизимли йўлга қўйиш ҳамда ОТМ битирувчиларини давлат хизматига жалб қилиш самарадорлигини оширишдан иборат.
Дастур вазифалари:
олий таълим муассасалари ҳамда давлат хизмати ўртасида интеграцияни йўлга қўйиш;
энг салоҳиятли ва билимли битирувчиларни селекция қилиш;
номзодларни вазирлик ва идораларга, маҳаллий ҳокимликларга стажировка ўташ учун йўналтириш ҳамда “устоз-шогирд анъанаси” асосида тажрибали устоз-менторларга бириктириш;
стажировкани муваффақиятли якунлаган битирувчиларни танлов (суҳбат) асосида давлат хизматига ишга қабул қилиш.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Ушбу Дастурда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
Олий таълим муассасаси - бакалавриат таълим йўналишлари бўйича юқори малакали кадрлар тайёрланишини таъминловчи давлат таълим муассасаси;
битирувчи - ОТМ кундузги шаклининг бакалавриат босқичи битирув курс талабалари;
Стажировка ўташ - ёш мутахассисларни давлат хизматига тайёрлаш, касбий фаолият маъсулиятини ҳис этиш ва тажрибали мутахассисларнинг иш фаолиятини ўрганиш орқали ОТМда олган назарий билимларини амалий мустаҳкамлаш жараёни.
малака талаблари - маълум бир давлат фуқаролик лавозимига стажёр бўлиш учун номзодларга нисбатан вазирлик томонидан белгиланадиган тегишли маълумот, шунингдек, билим ва касбий компетенсиясига қўйилган талаблар;
стажировка раҳбари – вазирлик ва унинг тизимидаги ташкилотларда стажировка жараёнини мувофиқлаштириш масъулияти юкланган раҳбар ходими.
устоз-ментор - стажировка ўтаётган битирувчиларга давлат хизматидаги фаолиятида “устоз-шогирд” анъанаси асосида зарур ташкилий кўрсатмалар берувчи, уларни техник хавфсизлик қоидалари билан таништирувчи, амалий кўникма ва малакаларни ўргатувчи, стажировка даврида талаба эгаллаган кўникмаларни баҳолаш юкланган тажрибали давлат фуқаролик хизматчиси.
шахсий ривожланиш режаси - битирувчининг вазирликда стажировкаси давомида ўзлаштириши лозим бўлган билим ва кўникмалар муддатлар кесимида акс эттириладиган ҳужжат.
кадрлар захираси - вазирлик ва унинг тизимидаги ташкилотлардаги лавозимларни салоҳиятли, ёш кадрлар билан тўлдирилишини таъминлайдиган, юқори малакали мутахассислар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган маълумотлар базаси.
2-боб. Танлов ўтказиш тартиби
2. “Ёш мутахассисларни танлаш дастури” 1-иловадаги дастурни амалга ошириш схемаси бўйича тегишли босқичларда ва белгиланган муддатларда амалга оширилади.
3. Вазирликнинг расмий саҳифаларида “Ёш мутахассисларни танлаш дастури” бўйича тарғибот ташвиқот ишлари амалга оширилади.
4. Номзодлардан стажировка танловида иштирок этиш учун аризалар қабул қилинади.
5. Номзодлар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, давлат фуқаролик хизмати ва коррупсияга қарши кураш тўғрисидаги қонунчилик, давлат тили, ахборот технологиялари бўйича билим даражасини аниқлаш учун вазирлик томонидан суҳбат ташкил қилинади.
6. Саралаш жараёнлари вазирлик ва унинг тизимидаги ташкилотлар билан ҳамкорлик қилаётган ОТМлар томонидан биргаликда амалга оширилади.
7. Саралаш босқичидан муваффақиятли ўтган номзодлар (71 фоиздан юқори) вазирлик томонидан суҳбатдан ўтказилади.
8. Номзодлар кўрсаткичлари 2-иловага мувофиқ жадвал бўйича баҳоланади. Баҳолаш натижаларига кўра, синовлардан муваффақиятли ўтган номзодларни стажировкага қабул қилиш ҳақида вазирликнинг буйруги чиқарилади.


9. Стажировка жараёнини намунали якунлаган ёш мутахассислар стажировка ўтаган вазирликнинг кадрлар захирасига киритилади.
3-боб. Стажировкани ташкил этиш қоидалари
10. Стажировка танловлардан муваффақиятли ўтган битирувчи билан 3-иловага мувофиқ тузиладиган стажировка шартномаси асосида ташкил қилинади.
11. Мазур шартномада стажировкани ташкил этиш ва ўтказиш бўйича шартнома предмети, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, қабул қилувчи ташкилотнинг иш фаолияти ҳусусиятларидан келиб чиққан ҳолда стажировкани ўташ тартиби, шартноманинг амал қилиш муддати ва бекор қилиш асослари, шунингдек, тарафларнинг жавобгарлигига оид нормалар назарда тутилади.
12. Стажировка уч ойдан кам бўлмаган ҳамда бир йилдан кўп бўлмаган муддатда амалга оширилиши лозим.
13. Ёшлар ишлари агентлиги Ёш мутахассисларни танлаш дастурини амалга ошириш жараёнларини мувофиқдаштиради. Стажировкани ташкил этишнинг зарур ташкилий-ҳуқуқий чораларини кўради. Хусусан:
вазирликга намунавий дастур ва илова ҳужжатларни тақдим этади;
вазирлик намунавий дастур асосида ўз дастурларини ишлаб чиқади;
танлов жараёнларини белгиланган мезонлар асосида шаффоф ва адолатли ўтишини таъминлайди;
стажировкага жалб қилинган талабалар маълумотларини умумлаштиради;
стажировка якунлари бўйича ҳисобот (тақдимот) жараёнларида иштирок этади;
дастурни амалга ошириш схемаси бўйича барча босқичлардаги чора- тадбирларни мувофиқдаштиради;
стажировка ўташда ёшлар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш юзасидан мониторингни амалга оширади;
стажировка якунлари бўйича вазирликнинг ҳисобот ва таклифларини умумлаштиради.
14. Вазирлик ва унинг тизимидаги ташкилотларда стажировкани ташкил этишнинг зарур ташкилий-ҳуқуқий чораларини кўради. Хусусан:
синов жараёнларини адолатли ва шаффоф тарзда ташкил этади;
малакали ва тажрибали мутахассислар орасидан стажёр билан ишлаш кўникмасига эга бўлган стажировка раҳбари ва устоз-менторни тайинлайди;
битирувчиларни стажировка даврида ўз ходими сифатида фаолият олиб бориши учун ташкилот раҳбарининг буйругини чиқаради;
стажировка дастурига мувофиқ битирувчиларга жорий қилинадиган шарт-шароитлар (шахсий ҳимоя, моддий-техника воситалари бошқалар)ни яратади;
стажёрларга мавжуд адабиётлар, техник ва бошқа ҳужжатлардан фойдаланиш имкониятларини беради;
ташкилотнинг ички меҳнат интизомини бузган стажёр билан тузилган стажировка шартномасини белгиланган тартибда бекор қилади;
битирувчи стажировкани ўташ даврида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида бахциз ҳодисага учраган ҳолатлар бўйича жавобгарлик масалаларини қонунчилик ҳужжатлари асосида кўриб чиқади;
15. Давлат фуқаролик хизматидаги стажировка раҳбари вазирлик ва унинг тизимидаги ташкилотларда стажировка ўтаётган барча битирувчиларга раҳбарлик қилади. Унинг вазифалари:
давлат фуқаролик хизмати ташкилотнинг таркибий тузилмалари ва ҳудудий бўлимлари бўйича талабаларни тақсимлайди, объэктнинг тузилиши, фаолият йўналишлари ва ўзига хос хусусиятлари билан таништиради;
стажёр билан стажировка ўташ шартномасини имзолайди;
стажёрлар билан ташкилот раҳбарлари ва етакчи ходимларнинг учрашувини ташкил этади.
16. Устоз-ментор сифатида давлат хизматида камида уч йиллик тажрибага эга, меҳнат жамоасида обрў-эътиборли давлат хизматчиси “устоз- шогирд” анъанаси асосида кўпи билан икки нафар битирувчига бириктирилиши мумкин. Унинг вазифалари:
стажёрларга иш фаолияти ва техника хавфсизлиги бўйича тушунтириш, шунингдек қабул қилувчи ташкилотнинг ички тартиб қоидалари ва иш режимининг хусусиятлари бўйича йўл-йўриқ кўрсатади;
стажировка дастурига тааллуқли материаллардан фойдаланиш тартиб- қоидаларини ўргатади;
стажёр иш кунининг белгиланган давомийлигига ва стажернинг шахсий иш режасига риоя этилишини назорат қилади;
17. Стажёр вазирлик вазирлк ва унинг тизим ташкилотларида стажировка ўташда:
стажировка бўйича услубий ва кўрсатма материаллар билан танишиши;стажировка шартномаси билан юклатилган ҳуқуқ ва мажбуриятларни амалга ошириш;
стажёрнинг шахсий иш-режасида назарда тутилган барча топшириқларни белгиланган муддатларда, тўлиқ ҳажмда ва сифатли бажариши;
стажировка ўташ тўгрисидаги ҳисоботни тақдим қилиши;
фаолиятида фойдаланиши мумкин бўлган материаллар тўпламини шаклл антириши;
қабул қилувчи ташкилотнинг ички меҳнат тартиб қоидалари ва ходимлари фаолиятининг тартибини белгиловчи ҳужжатларга риоя қилиши шарт.
4-боб. Стажировкани ўташ тартиби
18. Стажировка уч босқичга бўлинади:
• тайёрлов;
• асосий;
• ҳисоботларни топшириш ва баҳолаш.
19. Стажировка тайёрлов босқичида фуқаролик хизматидаги стажировка раҳбари томонидан талабалар стажировкани ўташ дастури билан танишадилар, унинг мақсад ва вазифаларига тааллуқли кўрсатмалар, стажировкани ўташ ва 4-иловадаги ҳисобот шаклини тўлдириш тартиби ҳақида хабардор қилинадилар.
20. Стажировка ўташнинг бошида талабалар қабул қилувчи ташкилотнинг тузилиши, фаолият йўналишлари, ўзига хослиги билан танишадилар ҳамда стажировка раҳбари ва бириктирилган устоз-ментор билан биргаликда стажировкани ўташ дастурини бажариш бўйича 5-иловага мувофиқ, шахсий иш режа жадвалини тузадилар.
21. Стажировканинг асосий босқичида битирувчи бевосита стажировкани ўташ дастурини бажариш бўйича Шахсий иш режада кўрсатиб ўтилган ишларни бажаради.
22. Стажировка якунлари бўйича ҳисоботни топшириш сўнгги босқич ҳисобланади. Белгиланган тартибдаги ҳисобот-тақдимот стажировка раҳбари, устоз-ментор ва Ёшлар ишлари агентлиги вакили томонидан баҳоланиб тасдикданади.

23. Стажировкани муваффақиятли якунлаган битирувчилар вазирлик (унинг тизимидаги ташкилот) ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги томонидан 5-илова асосида тасдикданган сертификат билан тақдирланади. Мазкур сертификат асосида битирувчиларни давлат хизматига ишга қабул қилишда имтиёз назарда тутилади.
5-боб. Давлат хизматига ишга қабул қилиш
24. Дастур асосида Стажировкани муваффақиятли тамомлаган, сертификатга эга битирувчилар вазирликдаги махсус комиссия томонидан ўтказиладиган суҳбат асосида олтинчи даражали давлат хизматчилари (мутахассис) вакант лавозимга ишга қабул қилиниши мумкин.
6-боб. Якуний қоида
25. Мазкур Дастур бўйича юзага келадиган низолар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.