Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги эслатиб ўтади

23.02.2021

Ҳурматли иш берувчилар ва фуқаролар! Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Сизларни кириб келаётган баҳор айёми билан табриклайди. Баҳор фасли кириб келиши муносабати билан маҳаллалар, аҳоли турар жойлари ҳамда иш жойларида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш мақсадида ҳашар тадбирларини ташкиллаштириш оммалашади.
Шу муносабат билан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги иш берувчи ҳамда фуқароларимизга умумхалқ хайрия ҳашарини ўтказиш тартибини яна бир бор тушунтириб ўтишни жоиз деб билади.
Ҳашарлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 349-сон қарорида белгиланган тартибга риоя қилган ҳолда ташкил этилади ва ўтказилади.

Умумхалқ хашари қуйидаги тартибда ўтказилганда, мажбурий меҳнат деб ҳисобланмайди:

✅ фақат ихтиёрий тарзда;

✅ Президент ёки Вазирлар Маҳкамасининг тегишли ҳужжати бўлганда;

✅ ходим ишлайдиган ташкилот ҳудудида;

✅ меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик нормаларига риоя қилган ҳолда;

✅ ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, иш ўринларини тартибга келтириш мақсадида;

✅ фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фақат тегишли маҳалла ҳудудида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, болалар ва спорт майдонларини жиҳозлаш, моддий-маданий мерос объектларини зарур ҳолатда сақлаш, қабристонларни қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ҳамда зарур ҳолатда сақлаш ишларида аҳолининг ихтиёрий иштирок этишини ташкил этади.

Қуйидаги ҳудудларда ихтиёрий равишда ҳам ҳашар ўтказиш тақиқланади:

❌ автомобил йўлларида;

❌ ҳаракатланиш тиғиз бўлган кўчаларда;

❌ сув объектларида;

❌ қирғоқбўйи ҳудудлар ва зоналарда;

❌ қурилиш майдонларида;

❌ бино ва иншоотлар томларида;

❌ хавфли ишлаб чиқариш объектларида;

❌ инсонларнинг ҳаётига ва соғлиғига хавф туғилиши мумкин бўлган жойларда.

Эсда тутинг!

Халқаро меҳнат ташкилотининг “Мажбурий меҳнат тўғрисида”ги 29-сонли ҳамда “Мажбурий меҳнатни тугатиш тўғрисида”ги 105-сонли конвенсияларига мувофиқ, жамоат вакиллари томонидан ўз иҳтиёрлари билан амалга ошириладиган майда жамоат ишлари мажбурий меҳнат деб ҳисобланмайди. Шу сабабли, маҳалла фуқаролари ўзи яшаб турган маҳалласи ҳудудини ободонлаштириши мақсадида ўз хоҳиши билан майда жамоат ишлари билан шуғулланиши мумкин.

Aзиз ватандошлар! Юқоридаги умумхалқ хашарлар ўтказиш тартибига риоя қилинмасдан ташкиллаштирилган хашарларга дуч келганингизда Давлат меҳнат инспекциясининг 1176 қисқа рақамларига, 71-200-06-00 Ишонч телефонига ҳамда www.dmi.mehnat.uz сайтига мурожаат қилишингиз сўралади.