Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги БАЁНОТИ

02.07.2019

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги 1 июль куни ЎзА ахборот агентлигининг расмий саҳифасида “Caҳналаштирилган қабул” ёки Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Фарғона вилоятига нега келганди?” сарлавҳали мақоласига мувофиқ қуйидагиларни маълум қилади:

28 июнь Фарғона вилоятида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев иштрокида сайёр қабул ўтказилган. Қабул жараёнида Фарғона аҳолисидан келиб тушган бандлик, меҳнат ҳуқуқи, имтиёзли кредитлар ва меҳнат миграциясига доир савол ва муаммолар ўрганилган. Тадбир доирасида 53 нафар фуқаро мурожаатлари билан бевосита вазир томонидан қабул қилинган.

Мазкур мақолада қабул жараёнида айрим фуқароларнинг мурожаатлари ижобий ҳал этилмаганлиги ҳамда қабул натижалари хақиқатдан узоқ эканлиги айтилмоқда. Мақолада келтирилган далиллар вазирлик раҳбарияти томонидан синчиклаб ўрганилди.

Бошқа вилоятларда ўтказилган сайёр қабуллар чоғида бундай ҳолатлар умуман кузатилмаганлиги ва 28 июнь куни ўтказилган тадбирда аҳолидан тушган мурожаатлар натижасига Фарғона вилояти Бандлик бошқармаси расман жавобгар эканлигини инобатга олган ҳолда, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Фарғонадаги сайёр қабул жараёнида келиб тушган 53 та мурожатнинг ҳар бири юзасидан вазир ўринбосари Б.Умурзоқов бошчилигида ишчи гуруҳ билан ички текширув ўтказиш қарорини қабул қилди.

Текширув натижалари хусусида яна батафсил ахборот берилади.