Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ахборот хизмати хабар қилади

18.07.2019

Ҳозирги кунда иш берувчи ҳамда ходим ўртасидаги меҳнат муносабатларини профессионал тартибга солиш ҳамда амалиётда вужудга келаётган қонунбузилишларнинг олдини олиб, қасддан содир этилган ҳуқуқбузарликларга тегишли чоралар қўллаш Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Давлат меҳнат инспекциясининг асосий вазифаларидан бири бўлиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 349-сонли қарорига мувофиқ Давлат меҳнат инспекцияси томонидан доимий мониторинг олиб борилмоқда ва аниқланган қонунбузилишлар юзасидан қонунчиликда белгиланган тегишли таъсир чоралари кўрилиши таъминланмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг 2 июль куни www.kun.uz ахборот сайтида эълон қилинган “Наманганда ўқитувчилар бетон қуйишди. Ҳар бир мактаб учун алоҳида жой ажратилган” сарлавҳали мақола ҳам белгиланган тартибда назоратга олиниб, жойига чиққан ҳолда ўрганилди. Текшириш давомида маълум бўлишича, Наманган вилояти, Косонсой туманида жойлашган 54 та мактаб ўқитувчилари Косонсой туманидаги Намуна қишлоғи яқинидаги анҳор бўйида олиб борилган қурилиш-ободонлаштириш ишларига жалб қилиниб, тегишли тартибда ишлаш учун ҳар бир мактаб ўқитувчиларига 10 метрдан ҳудуд бўлиб берилганлиги ҳамда мазкур ишларга мажбурий равишда жалб қилинганлиги ҳолатлари аниқланди.

Шунингдек, текшириш давомида 2019 йил 28 июнь куни Косонсой туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари М.Исомиддинов томонидан 2019 йил 29 июнь куни Косонсой туманидаги Намуна қишлоғи яқинидаги анҳор бўйида ҳашар ишларини ташкиллаштириш, тумандаги ҳар бир мактаб ходимларига 10 метрдан жой ажратиш ҳамда мазкур ишларга мактаб ходимларини жалб қилиш хақида кўрсатма берилганлиги аниқланди.

Косонсой туман ҳокимининг ўринбосари М.Исомиддинов ўз тушунтиришида 2019 йил 29 июнь куни тумандаги Яшил хиёбон истироҳат боғидаги ободонлаштириш ишларида туман мактаблар ходимлари иштирок этиб, туман ободонлигига ўз ҳиссаларини қўшганлигини ҳамда келгусида Косонсой туманида ходимларни мажбурий меҳнатга жалб қилмаслигини баён қилди.

Юқоридаги ҳолатлар бўйича Наманган вилояти, Косонсой туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари М.Исомиддиновга нисбатан Ўзбекистон Республикаси меҳнат қонунчилиги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 349-сонли қарори талабларига зид равишда мактаб ходимларини қурилиш ишларига жалб қилганлиги юзасидан маъмурий баённома тузилди.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 51-моддасида белгиланган мажбурий меҳнатга маъмурий тартибда жалб қилганлиги юзасидан Косонсой туман ҳокимининг ўринбосари М.Исомиддинов маъмурий жавобгарликка тортилди.

Фуқаролар меҳнат ҳуқуқлари бузилганлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг (71) 200-06-00 рақамли ягона ишонч телефони ёки @mehnathuquqbot Telegram канали орқали ўз мурожаатларини юборишлари мумкин.