АҚШ САВДО ВАКИЛЛИГИ ИДОРАСИ ЎЗБЕКИСТОНГА НИСБАТАН GSP (УМУМИЙ ИМТИЁЗЛАР ТИЗИМИ) МОНИТОРИНГНИ БЕКОР ҚИЛИНИШИНИ ЭЪЛОН ҚИЛДИ

04.11.2020

2020 йил 30 октябрдаги AҚШ савдо вакиллиги идораси (USTR)нинг расмий баёнотига кўра, Ўзбекистон учун GSP (GSP - Generalized System of Preferences) мониторинги тугатилганлиги маълум қилинди.

“Халқаро Меҳнат Ташкилотининг текширувларига кўра, Ўзбекистонда пахта теримида болалар меҳнатидан мутлақо фойдаланилмаётганлиги ва сўнгги 5 йил давомида мажбурий меҳнатнинг камайиб бораётганлиги қайд этилган. Ҳукумат томонидан мажбурий меҳнат учун жиноий жавобгарлик жорий этилди ва пахта етиштириш квоталарини бекор қилди, шу жумладан, теримчиларнинг иш ҳақлари оширилди ва шу орқали кўнгилли теримчилар сони сезиларли даражада ортди. Пахта теримида мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасида АҚШ ва Ўзбекистон Ҳукуматлари эришилган ютуқларни янада ривожлантириш мақсадида ўзаро ҳамкорликни давом эттиради”, – дейилади баёнотда.

Умумий имтиёзлар тизими – бу 1974 йилда қабул қилинган Савдо тўғрисидаги қонунга мувофиқ ривожланаётган мамлакатлардан АҚШга импорт қилишда товарларни божсиз киритиш режими ҳисобланади. 1994 йилда Ўзбекистонга GSP бенефициари мақоми берилган.

Ўзбекистоннинг GSP стандартларига мувофиқлиги тўғрисида охирги жамоат эшитувлари 2020 йил 30 январда AҚШ Савдо вакиллиги идорасида (Вашингтон ш.) бўлиб ўтган. Мазкур тадбирда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Хусанов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси томонидан мажбурий меҳнатни бартараф этиш бўйича амалга оширилган чоралар тўғрисида батафсил маълумот берилган. Хусусан, Халқаро меҳнат ташкилотининг (ХМТ) конвенциялари ратификация қилиниб, меҳнат инспекторлари сони кўпайтирилди, самарали қайта алоқа тизими жорий этилди. Шу билан бирга янги институционал тузилмалар (Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши кураш бўйича Миллий комиссия ва Миллий маърузачи) яратилди, мажбурий меҳнат учун маъмурий жавобгарлик кучайтирилиб, жиноий жавобгарлик жорий этилди. Пахта теримини мустақил равишда мониторинг қилиш имкониятлари яратиб берилди, халқаро тузилмалар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари ва ОАВ билан ўзаро алоқалар тўлиқ таъминланди.

Жорий йилнинг 25 июнь куни AҚШ давлат котиби Майк Помпео AҚШ Давлат департаментининг одам савдосини мониторинг қилиш ва унга қарши курашиш бюроси томонидан ҳар йили тайёрланадиган “Одам савдоси” тўғрисидаги ҳисоботни тақдим этди. Унда мамлакатимиздаги ижобий ўзгаришлар ва Ҳукумат томонидан вазиятни ижобий тарафга ўзгартириш бўйича кўрилган чоралар акс эттирилди. “Бу муаммони ҳал қилишда Ўзбекистоннинг жиддий саъй-ҳаракатлари минтақадаги бошқа давлатлар учун янги стандартларни белгилаб бермоқда”, – дея таъкидлади Майк Помпео.

Ўзбекистонга нисбатан GSP мониторингининг бекор қилиниши пахтани қайта ишлаш, тўқимачилик, енгил, чарм-пойабзал, аграр ва бошқа саноат соҳаларида экспорт салоҳиятини кенгайиши учун янги истиқболларни шакллантириб, мамлакатимизнинг ивестицион имкониятларни ўсиши, ташқи савдо айланмасини кўпайиши ва янги иш ўринларини яратилишига, шунингдек, АҚШ билан Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришда ҳизмат қилади.