Андижон вилояти Бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат инспекцияси ўрганиш ўтказди
Ижтимоий тармоқларда “Андижон вилояти сув хўжалиги ташкилоти ходимлари, байрам кунлари Андижон шаҳар 2-микрорайонида жойлашган истирохат боғида мажбурий ишга жалб қилишди” деб номланган хабар Андижон вилояти Бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўрганиб чиқилди.
Аниқланишича, Андижон вилоят Норин-Қорадарё ирригация ҳавза бошқармаси ва унинг тасарруфидаги туман/шаҳар бўлимлари ходимлари Мустақилликнинг 30 йиллиги муносабати билан берилган дам олиш кунларида раҳбарият томонидан хеч қандай мажбурий меҳнатга ёки бирон бир бошқа ишга жалб қилинмаганликларини, мустақиллик байрами муносабати билан берилган дам олиш кунларини оила даврасида ўтказганликларини ўз тушунтиришларида маълум қилишди.
Бироқ Андижон вилояти Бўстон, Асака, Булоқбоши ва Мархамат туман ирригация бўлими ходимлари туман ирригация бўлим бошлиқлари буйруғига асосан ўз ихтиёрига кўра 6, 8, 10 сентябр кунларида Андижон шаҳар 2-кичик дахасида жойлашган истирохат боғида ишлаганликларини маълум қилишди.
Мазкур холат юзасидан Бўстон, Асака, Булоқбоши ва Мархамат туман ирригация бўлими бошлиқларига нисбатан ходимни лавозим мажбуриятига кирмайдиган ишларга жалб қилиб Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 177-модда талабини бузганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси МЖтКинг 49-моддаси 1-қисми билан базавий хисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдоридан маъмурий жазо чораси тайинланди.